Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Қашқадарёдаги Деҳқонобод тумани аҳолисининг икки фоизи марказлашган сув тизими билан таъминланган. Бу ҳақда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Ўзбекистон бўйича умумий аҳолининг 9 фоизи ичимлик суви тизими билан таъминланмаган. Бу асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Ғузор ва Деҳқонобод туманларига тўғри келади. Айниқса, Деҳқонободда ичимлик суви масаласи — жуда катта муаммо. Туман аҳолисининг 2 фоизигина марказлашган сув тизими билан таъминланган», — деди вазир ўрибосари.

Ҳайдаровнинг қайд этишича, Деҳқонобод туманида «Эшонбува» ва «Марказий булоқ» сув манбаси бўлиб, булоқлардан кунига фақат 400 куб миқдорида сув олиш имкони мавжуд — бу 200 мингга яқин аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун бу жуда ҳам кам. «Масалан, бир қишлоққа кунига ўртача 115 литрдан сув норма ҳисобланса, Деҳқонободда бу кўрсаткич 20—30 литрдан тўғри келади», — деди у.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакилининг қўшимча қилишича, Деҳқонободдаги сув муаммосини ҳал қилиш учун «Оқсув—Деҳқонобод» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

«Деҳқонободликларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун Президент топшириғига кўра ‘Оқсув—Деҳқонобод’ лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, узунлиги 77 километр, диаметри 1—4 метр бўлган магистрал сув қувури тортиш режалаштирилган. Ҳозирда қувурнинг 38 километри тортиб бўлинган. Бу жуда оғир лойиҳа, чунки қувурларни тоғнинг устидан олиб ўтиш керак», — деди Ҳайдаров.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолининг 67,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ичимлик суви сифатига мос сув манбалари бўлмаган ҳудудларга сув таъминоти масаласини ҳал қилиш учун узунлиги 2 минг километрдан ортиқ магистрал сув қувурларига эга бўлган минтақалараро сув қувурлари тортилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар