Жорий йил Қашқадарё вилоятидаги 1117 та мактабни тамомлаган 32 501 нафар 11-синф битирувчиларининг 374 нафарига берилиши мўлжалланган аттестат масъул ходимларнинг аттестатни ёзишда йўл қўйган имловий хатолари сабабли яроқсиз ҳолга келган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраев берган маълумотга таяниб, «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 11-синф битирувчилари билан бирга 9-синф ўқувчилари ҳам шаҳодатнома ололмаган.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиевнинг қўшимча қилишича, аттестат ва шаҳодатномаларда имловий хатолардан ташқари ўқувчиларнинг исм-шарифида ҳам хатоликларга йўл қўйилган. Масалан, ўғил болалалар исмига «фалончи қизи» ёки қиз болалар исмига «фалончи ўғли» дея адаштирилган. Ушбу хатоликларга йўл қўйган ходимларга чора кўрилиб, туман халқ таълими бўлими мудири, мактаб директорларидан тушунтириш хати олинган. Қолаверса, ҳар бир туман учун аттестат ва шаҳодатномаларни чиқариш учун махсус берилган принтерларда ҳам носозлик кузатилган. Айрим аттестат ва шаҳодатномалар принтерда ғажилган. Шу боисдан ҳам аттестат ва шаҳодатномаларнинг берилиши кечиктирилган.
Маълум қилинишича, Қарши туман халқ таълими бўлими томонидан 22 нафар 11-синф ўқувчиларига берилиши мўлжалланган аттестатлар айнан принтер айби билан ғижимланган ва яроқсиз ҳолга келган.
Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат узоғи билан 3–4 кунда бартараф этилади.
Изоҳ (0)