Эсимизни таниганимиздан бери «кўп ўқиш керак» деб қулоғимизга қуйишади. Ҳозирги замон фани бадиий адабиётнинг инсонга ижобий таъсирини тасдиқлайдими? Бу ҳақда – BBC материалида.
АҚШда ҳар куни 1,8 миллиондан ортиқ китоб сотиб олинади. Буюк Британияда 500 минг китоб ўз харидорини топади. Ҳозирги кунда кўнгилочар ва чалғитувчи воситалар кўплигига қарамай, жамиятда китоб мутоалаасини яхши кўрувчилар кўпчилик.
Китоблар бизни дунёни тушунишга, луғат захирамизни кенгайтиришга ва имловий хатоларсиз ёзишга ўргатади.
Лекин бадиий адабиёт баркамол инсон бўлишимизга ёрдам берадими?
Инсон табиатидаги мўъжизакор, яхши хулқларни беллетристика таъсири деб ҳисоблашади: булар орасида хайрия ишларида қатнашиш истагидан тортиб зўравонлик ҳажмининг китобхонлар орасида кам учрашигача бўлган иддаолар келтирилади.
Маҳорат билан тасвирланган қаҳрамонлар китобхонларни воқеалар гирдобига шўнғишга мажбур қилади. Юнон файласуфи Аристотель таъкидлаганидек, фожеа гувоҳи бўлаётганимизда бош қаҳрамон қисматига ачиниш ҳисси вужудимизни қамраб олса, ўзимиз учун қўрқинч ҳиссини ҳис этамиз.
Китобда тасвирланаётган қаҳрамон ҳақида ўқиганларимиз имкониятидан келиб чиқиб тасаввурга эга бўламиз, китоб қаҳрамони ўрнида бўлиб қолган ҳолатимизда, у ёки бу вазиятда нима қила олган бўлар эдик деб, вазиятни таққослашга, чоғиштиришга уринамиз, қандай йўл тутар эдик деб ўзимизга савол берамиз.
Бу жараён бошқа инсонларнинг нуқтаи назаридан келажакни тасаввур қилиш, бошқа одамларни тушуниш машқларига ўхшаб кетади. Шу боис бўлса керак, канадалик руҳшунос Кит Оутли бадиий адабиётни «онгимиз тренажёри» деб атайди.
Ҳаво лайнерларини бошқарадиган учувчилар ер муҳитида учоқни бошқаришни ўрганаётганига ўхшаш, бадиий адабиётни мутолаа қилувчилар ҳам бирор бир романни ўқишни бошлар экан, ўз ижтимоий малакаларини яхшилаши имконига эга бўлади. Оутли ўз тадиқотларида биз ўзимизни қаҳрамон ўрнида тасаввур қила бошлашимиз билан ўз шахсий истак ва мақсадларимиз ўрнига қаҳрамонларникини қўя бошлашимизни айтади.
Қаҳрамонлар ҳаёти хавф остида қолган пайтда китобхон юраги тезлашади, улар дуч келган хавф-хатарни бошидан кечиради. Ҳаттоки ҳаяжондан бўғилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.
Лекин буларнинг барчаси биз билан содир бўлмаётгани бизни тинчлантиради ва ҳатто қизиқиш уйғотади. Биз қўрқинч домига тушмаймиз, хавфдан халос бўлиш учун ўзимизни ойнадан ташқарига отмаймиз.
Шу билан бир вақтда китобда содир бўлаётган воқеаларни тушуниш учун мия фойдаланадиган асаб тизими механизмлари реал ҳаётда фойдаланиладиганлари билан кўп жиҳатдан ўхшашдир. Масалан, «тепди» сўзини ўқиганимизда миямизда жисмоний тепкини юзага келтирадиган соҳалар фаоллашади. Қаҳрамон арқоннинг ингичга учини ушлаб олди деб ўқиган пайтимизда ушлаб олиш билан боғлиқ мия соҳаси фаоллашади.
Сюжетни кузатиб бориш учун қаҳрамонлардан қай бирига нима маълум, улар нималарни ҳис қиляпти ва улардан ҳар бири бошқа қаҳрамонларнинг режалари ва фикрлари ҳақида нимани ўйлаяпти, буни билишимиз керак. Бунинг учун психик ҳолатни моделлаштириш деб аталадиган қобилиятга эга бўлиш лозим. Инсонлар асар қаҳрамонининг миясида қандай фикрлар борлиги ҳақида ўқиганида уларнинг миясида айнан шунга масъул мия соҳалари фаоллашади.
Ўқиш орқали ўзгаларга хайрихоҳлик қилишни ўрганар эканмиз, бадиий адабиёт ўқийдиганлар асосан илмий ёки ҳужжатли адабиётни ўқийдиган ёки бутунлай китоб ўқимайдиганларга нисбатан яхшироқ ижтимоий малакага эга бўлади дея оламизми?
Бундаги қийинчиликлардан бири – бошқа инсонларга ўзлари ўқиган китоблар миқдорини кўпайтириб айтишнинг хослиги. Бунга йўл қўймаслик учун Оутли ҳамкасблари билан талабаларга бадиий ва бадиий бўлмаган адабиётлар муаллифлари рўйхатини тарқатиб, улардан рўйхатдаги муаллифлардан қай бирини эшитганини белгилаб чиқишни сўради. Тажриба қатнашчиларини синаб кўраётганлар алдамаётганини текшириш учун рўйхатга сохта исмлар ҳам киритилган деб огоҳлантиришди.
Одамлар қаердадир эшитган ёзувчилар миқдори, улар қанчалик кўп китоб ўқишини аниқлаб берадиган яхши индикатордир.
Шундан сўнг Оутли жамоаси қатнашувчилар билан Mind in the Eyes (қараш билан психик ҳолатни аниқлаш) синовини ўтказди, бунда тарқатилган ҳар бир суратда фақат бир жуфт сўз тасвири бор эди. Вазифа – кўз ва унинг атрофидаги имо-ишора мушаклари ҳолатига қараб суратдаги шахс қандай ҳис-туйғуларни кечираётганини аниқлаш бўлди. Шу билан бирга вариантлар рўйхати ҳам берилди: унда тортиниш, айбдорлик, орзу қилиш, хавотирланиш каби туйғулар акс этди. Кўз ифодасидаги фарқларни илғаш мураккаб, биринчи қараганда нейтрал кўриниш мумкин, шунинг учун ҳам вазифа мушкулроқ эди.
Лекин факт фактлигича қолди. Синовда ким кўпроқ китоб ўқиган бўлса, ўша юқорироқ баҳо олди. Худди шахслараро қабул қилиш масаласи сингари. Принстон ижтимоий психология лабораторияси ходими Диана Тамир кўпроқ беллетристика ўқийдиган кишилар яхши ижтимоий билиш қобилиятига эга эканини намойиш қилиб бера олди. Бошқача айтганда, улар ўзгалар нимани ўйлаши ёки ҳис қилишини яхши тушунар эди. Мияни сканерлашдан фойдаланиб, Тамир бадиий адабиёт ўқиш вақтида мия фаоллиги одамлар бошқалар ҳақида ўйлаётганда фаоллашувини аниқлади, яъни айнан бир хил мия соҳаси фаоллашади.
Роман ўқийдиганлар ўртамиёна одамлардан кўра ўзга шахсларнинг ҳиссиётларини яхшироқ тушунади. Лекин бу уларнинг хулқ-атворини яхшилайдими? Буни текшириш учун тадқиқотчилар психология ўрганган ҳар бир кишига таниш бўлган ушбу услубдан фойдаланди: тасодифан полга бир неча ручка ёки қаламни тушириб юборасиз ва биринчи бўлиб сизга ким ёрдамга келишини кузатиб турасиз.
Синовдан олдин қатнашчилардан эмпатияни ўлчашга ёрдам берадиган саволлар бўлган анкетани тўлдириб беришлари илтимос қилинди.
Сўнг улар қисқа ҳикоя ўқиди ва бу воқеа уларга қанчалик ёққанлиги тўғрисидаги саволларга жавоб берди. Улар қаҳрамонларни яхши тасаввур қилдими? Ҳикояни ўқиб бўлгач, қаҳрамонлар ҳақида кўпроқ билгилари келяптими?
Шундан сўнг тадқиқотчилар қўшни хонадан баъзи бир нарсаларни олиб чиқиши кераклиги айтилди ва шунда полга ручкалар тушириб юборилди.
Бу натижа берди. Ҳозиргина ўқилган ҳикоя кимга кўпроқ таъсир қилган бўлса, қаҳрамонга ким кўпроқ хайрихоҳлик қилган бўлса, ўша одам тезроқ ёрдамга шошилди ва ручкалар териб олинди.
Савол туғилади: эҳтимол ўша одамлар ҳикояни ўқимасдан туриб ҳам ўз табиатига кўра кўпроқ ғамхўрроқ ва яхшироқдир?
Лекин тадқиқотчилар қатнашчиларнинг эмпатия шкаласи бўйича баҳосини ҳисобга олди ва ўқиш кўпроқ таъсир қилганлар ўзини кўпроқ алтруист сифатида намоён этганини аниқлади.
Албатта тажрибалар алоҳида гап. Ҳақиқий ҳаётда ҳаммаси аксинча ҳам бўлиши мумкин. Атрофга кўпроқ ғамхўрлик қиладиганлар уларнинг ички туйғуларидан кўпроқ манфаатдор, бундай манфаат уларни кўпроқ бадиий адабиёт ўқишга жалб қилар.
Бу соҳа ўрганиш, тадқиқ қилиш учун осон эмас. Идеалда қатнашчиларнинг ҳаёти турли босқичларида, кўп йиллар давомида, баъзан бадиий адабиётни ўқиб, баъзан ўқишни ташлаган пайтлардаги эмпатия даражасини аниқлаб бориш керак.
Бунинг ўрнига бир неча қисқа текширишлар ўтказилди. Масалан, голланд олимлари талабаларга Нидерландиядаги байрам ва Грециядаги исёнлар ҳақидаги рўзномаларни ёки Нобель мукофоти соҳиби Жозе Сарамагонинг «Кўрлик» романидан боб ўқишни таклиф қилди.
Асар бобларидан бирида зангори чироқ ёнишини кутиб, автомашинаси ичида ўтирган эркак тўсатдан кўриш қобилиятини йўқотади. У билан бирга келаётган ҳамроҳлари уни уйига элтиб қўяди, унинг машинасини уйига элтиб қўйишни ваъда қилган кимса машинани ўғирлайди. Талабалар бу воқеани ўқиши билан уларнинг эмпатия даражаси ошди. Бир ҳафта ўтгандан кейин ўқигани кучли таъсир қилганларнинг эмпатия даражаси яна ўсгани маълум бўлди.
Албатта, жамиятдаги хулқимиз ва ҳиссиётларимизга фақатгина бадиий адабиётгина таъсир қилмайди, деб айтишингиз мумкин. Биз янгиликларда ўқиган одамларнинг тақдирига ҳам хайрихоҳлик қилишимиз мумкин.
Лекин нафис адабиётда камида уч афзаллик мавжуд. Биз асар қаҳрамонининг ички дунёсига кириб борамиз. Журналистикада бу йўқ. Биз одатда романда ўқиётган одамлар ва улар ўзи ҳақида нима деётганига ишонамиз.
Романлар биз ҳақиқий ҳаётда қила олмайдиган иш – персонажлар ҳаётини кўп йиллар давомида кузатиш имконини беради.
Шундай қилиб, текширишлар бадиий адабиёт ўқиш инсонларни ҳақиқатан ўзини яхши хулқ-атворга эга бўлишга мажбур қилишини кўрсатди.
Айрим ўқув юртлари аллақачон бу жиддий таъсирни ҳисобга олиб, ўз ўқув дастурларига ижтимоий модулларни киритмоқда. Масалан, Ирвайндаги Калифорния университетининг оилавий тиббиёт факультетида беллетристика яхши шифокор бўлишга ёрдам беради, деб ҳисоблаб, тиббиёт йўналиши талабалари учун гуманитар дастур ишлаб чиқилди.
«Китоб қуртлари» реал одамлар билан реал муносабатлардан қўрққани учун китоб ўқиб вақт ўтказади, деган стереотиплардан воз кечиш пайти келганга ўхшайди. Эҳтимол, «китоб қуртлари» ўзга шахслар ва уларнинг ҳиссиётларини бошқалардан яхшироқ тушунар ва бу фақат бўлажак шифокорлар учунгина фойдали эмас.
Изоҳ (0)