Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида 20 июнь куни Ўзбекистон Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида «Ташаббус – 2019» кўрик-танловининг мамлакат босқичига старт берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар, жумладан ёш тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичи 22 апрелдан 15 майга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи 20 майдан 12 июнга қадар бўлиб ўтди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган кўрик-танлов Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ҳунарманд» уюшмаси ва Ёшлар иттифоқи томонидан анъанавий равишда ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Танлов қуйидаги асосий номинациялар бўйича ўтказилмоқда ва танловнинг республика босқичи мутлақ ғолиблари Президент соврини Spark автомашинаси билан тақдирланади:
«Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори»;«Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори»;«Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори»;«Йилнинг энг яхши фермери»;«Йилнинг энг яхши ҳунарманди».
Шунингдек, танлов иштирокчилари 11 та қўшимча номинация бўйича мукофотланади.Ғолиб ва совриндорлар номи 22 июнь куни маълум қилинади ва тақдирлаш маросими ўтказилади.
Изоҳ (0)