Япониянинг LOADED FILMS LTD компанияси билан ҳамкорликда суратга олинган «Дунёнинг бир чеккаси» бадиий фильмининг премьераси Токио шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» МА матбуот хизмати «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга маълум қилди.

Фото: «Ўзбеккино» матбуот хизмати

Ўзбекистон ҳудудида суратга олинган ушбу тўлиқ метражли бадиий фильм муаллиф ва режиссёр Киёши Куросаванинг «На край света» сценарийси асосида яратилган. Бугунги кунда ушбу фильм «Дунёнинг бир чеккаси» деб номланиб, Токионинг бир нечта кинотеатрларида тақдимот маросими юқори савияда ўтказилди.

Тадбирларда япониялик ижодий гуруҳ билан бирга Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Феруза Тўрахўжаева, актёр Адиз Ражабов ҳам иштирок этди.

Фото: «Ўзбеккино» матбуот хизмати

Учрашувлар 15 июнь куни Токионинг Синдзюку кинотеатрида япон-ўзбек киноижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинган «Дунёнинг бир чеккаси» бадиий фильмини намойиш этиш билан бошланди.

Фото: «Ўзбеккино» матбуот хизмати

Шундан сўнг япониялик журналистлар ва ОАВ ходимлари билан «Cранк ин» интернет-нашриётида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда фильм ижодкорларидан Кийоши Куросава, Ацуко Маэда, Рё Касе, Шота Сометани, Токио Эмото ва Ўзбекистонлик делегация вакиллари иштирок этишди.

«Euro Space Shibuya», 3F Kinoxaus, Кино Ёкогама, Минато Мирай саҳнасида 16 июнь куни фильм намойиши ва намойишдан сўнг учрашувлар ўтказилди.

«Япониядаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан меҳмонлар шарафига тадбир уюштирилди. Тадбирда Сутая Гиндза ва Марико Сисидо билан суҳбатлар қизғин бўлди», — дейилади агентлик хабарида.