Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси ҳамда маданий ва пазандалик анъаналари ҳақида машҳур актёр Жерар Депардье иштирокида ҳужжатли фильм суратга олаётган Франциянинг B-Tween продюсерлик компанияси ижодий гуруҳи Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Мазкур кинокомпания Франция ва хорижда кино ва фильмлар суратга олиш билан шуғулланади. Ўзбекистонда Депардье иштирокида фильм суратга олиш лойиҳаси Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
«Ипак йўли» фильми Депардьенинг яна бир актёр ҳамроҳлигида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатига бағишланади. Ижодий гуруҳ Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда бўлади, архитектура ва маданий ёдгорликлар,ўзбек ҳунармандларининг ишлари ва миллий ошхона билан танишади.
Фильм муаллифлари, шунингдек, Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейида ҳам бўлади. Франциялик киноижодкорлар томошабинларга шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари ҳақида ҳикоя қилишади.
Давомийлиги 52 дақиқа бўлиши кутилаётган фильм Франция телеканалларида намойиш этилади. Фильмни суратга олиш ишларини сентябрда бошлаш режалаштирилган.
Изоҳ (0)