Ўзбекистон ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасига мамлакатдаги ёш йигит-қизларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Хавфсиз туризмни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Алишеров маълум қилди, деб хабар берди Sputnik.
«Ўтган йили мамлакатга тўрт миллион олти юз мингдан кўпроқ туристлар ташриф буюрган бўлса, бу йилнинг олти ойи давомида ўтган йилги кўрсаткичнинг 30 фоизидан кўпроқ туристлар келган. Сайёҳлар сони ошиб бораяпти. Демак, ходимлар сонини нисбатан оширишимиз керак. Шу боис бизга олийгоҳларда таҳсил оладиган ёш йигит-қизларни хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасига жалб қилиш ҳуқуқи берилди», — деди Алишеров.
ИИВ вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг 2-, 3-, 4-курсида таҳсил олаётган йигит-қизлар таътил даври (ёз)да туристик мавсум қизғин паллага кирган бир даврда жамоатчилик асосида туризм-полициячилари сафига қабул қилинади.
Ёшлардан фақат чет тилларни билиш ва муомала маданияти юқори бўлишлик талаб этилади.
Изоҳ (0)