НАТОга аъзо бўлишни 50 фоиздан ортиқ украиналиклар қўллаб-қувватламоқда. «Korrespondent.net»нинг ёзишича, бу ҳақда Рейтинг ижтимоий гуруҳи томонидан 5 июнь куни эълон қилинган сўровнома натижалари гувоҳлик бермоқда.
Унга кўра, Украна аҳолисининг 62 фоизи мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга овоз берган, 22 фоизи бунга қарши чиққан. Уларнинг 53 фоизи НАТОга қўшилиш тарафдори, 31 фоизи эса бунга қарши фикрда.
Бундан ташқари, сўровномада иштирок этганларнинг учдан икки қисми Украина тилига ягона давлат тили мақомини бериш истагида, 21 фоизи рус тилини давлат тили сифатида эътироф этиш тарафдори, яна 11 фоизи эса унга расмий мақом берилишини хоҳламоқда.
Сўровномага кўра, 65 фоиз украиналикалар Россияни тажовузкор давлат деб ҳисобламоқда, 27 фоиз аҳоли эса бунга қарши фикрда. Бунда уларнинг 60 фоизи Донбассдаги уруш муаммоларини дипломатик йўл билан ҳал этишни хоҳламоқда.
Фақат 5 фоиз аҳолигина оккупацияланган ерларнинг бутунлай ажралиб чиқишши тарафдори. Бошқа томондан, аҳолининг 18 фоизи Донбасснинг бутун ҳудуди бўйлаб Украина ҳукумати тиклангунича уруш давом эттирилишини қўллаб-қувватламоқда.
Ушбу сўровнома 2019 йилнинг 29 майидан 3 июнга қадар шахсий юзма-юз суҳбат (face-to-face) шаклида ўтказилган. Сўровномада 18 ёш ва ундан катта бўлган 2000 нафар Украина фуқаролари иштирок этган.