Олимлар ўтган шанба, 1 июнь куни Ернинг ёнидан учиб ўтган 1999 КW4 қўш астероидини суратга олишга муваффақ бўлди. Расмлар VLT телескопи билан олинган. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Суратлар Европа жанубий расадхонаси сайтига жойлаштирилди.
«Бу тасвирлар ва бошқа телескоплардан олинган маълумотлар, агар улардан бири шу каби йўналишга кирса, Ер билан тўқнашадиган астероиддан қочишимизга ёрдам берадиган стратегияларни ишлаб чиқиш учун жуда муҳимдир. Ҳеч бўлмаганда, биз унинг қулаши оқибатларини тахмин қилишимиз мумкин», — дейди тадқиқотчилардан бири Оливье Эно.
Ушбу астероид ер юзига яқинлашиб, унинг юзасидан 5,2 миллион километр масофада учиб ўтган. Бу ойни ва Ерни ажратиб турадиган масофадан тахминан 13 марта катта.
Олимлар 1999 КW4 астероидини «атонлар» гуруҳига — Қуёш атрофида айланиб юрган Ерга яқин астероидлар гуруҳига киргизди. Улар Қуёшдан энг узоқ бўлган пайтидагина Ерга яқинлашади.
Изоҳ (0)