Етти мингдан зиёд умумтаълим мактабида ўқиш жараёни икки сменада олиб борилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди, деб маълум қилади ЎзА.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилишича, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги 9 минг 691 та умумтаълим мактабининг 1 минг 691 таси, яъни 17,4 фоизи 1,5 коэффициентдан, 559 таси эса 2 коэффициентдан зиёд эканлиги аниқланган. Бундан ташқари, 2 минг 81 та умумтаълим мактабида ўқиш жараёни бир смена, 7 минг 610 тасида эса икки сменада олиб борилмоқда.
Шу боис, Халқ таълими вазирлигининг сўровига асосан вилоят ҳокимликлари томонидан 2019/2020 ўқув йилида ўқувчилар сонини мактаб биноларининг лойиҳа сиғимига нисбатан мақбуллаштириладиган 320 та умумтаълим мактаби, шундан 50 та тармоқ мактаби ташкил этиш, 207 та мактабда эса Инвестиция дастури доирасида қўшимча бино қуриш ва реконструкция қилиш, 63 та фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежи биноларидан фойдаланиш таклифи берилган.
Бу борада давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилаётганига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, мавжуд объектларни аниқлаш мақсадида тизимдаги муассасалар хатловдан ўтказилиб, уларнинг 135 тасидан фойдаланилмаётгани маълум бўлди. Ушбу рўйхат ҳудудлар ва муассасалар кесимида ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, мазкур йўналишда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича танлов эълонларини жойлаштириш учун алоҳида онлайн платформа (www.ppp.uzedu.uz) ишга туширилган.
Изоҳ (0)