Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги 2019—2024 йилларда «Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш» кенг кўламли лойиҳасини амалга оширади. Молиялаштириш Жаҳон банкининг 73,85 миллион доллар миқдоридаги грант ва кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу ҳақда MTV «Дарё»га хабар берди.
«Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси кичик ёшдаги болаларга қараш ва ўқитиш хизматларига бўлган тенг ҳуқуқликни таъминлаш ҳамда мактабгача таълим сифатини оширишга қаратилган.
Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:
- Мактабгача таълим сифатини ошириш учун — 5,3 миллион доллар
- Сифатли таълим муҳитини яхшилаш ва унинг оммабоплигини таъминлаш учун — 50,1 миллион доллар
- Хусусий сектор билан шерикчилик учун — 11,35 миллион доллар
- Таълим сифатини ўлчаш тизимини ташкил этиш учун — 5,9 миллион доллар
- Лойиҳани амалга ошириш харажатлари — 1,2 миллион доллар
2019–2024 йилларда республиканинг мактабгача таълим муассасалари ажратилган маблағлар ҳисобидан тегишли ускуналар, мебел ва ўқув-услубий материаллар билан таъминланади.
Шунингдек, лойиҳанинг мазкур таркибий қисми доирасида олис ва бориш қийин бўлган жойлардаги болаларнинг мактабгача таълим олиш муаммосини ҳал этиш имконини берувчи муқобил моделларни синовдан ўтказиш бошланади. Хусусан, мактабгача таълим мутахассилари MTM мавжуд бўлмаган ҳудудларда яшовчи 3–6 ёшдаги болалар учун эрта ўқитиш дастури бўйича ўйин гуруҳларида ҳафтасига 3 марта 4 соатдан ўйин машғулотларини олиб боради. Дастурнинг бошланғич кўринишида ўқитиш ўйин тўпламларини харид қилиш, ажратилган хонани жиҳозлаш ва болалар учун тушликлар ташкил этиш назарда тутилган.
Ота-оналарга болага қараш ва ўқитиш кўникмаларини ўргатиш мақсадида хонадонларга ташриф буюриш дастурининг бошланғич лойиҳаси амалга оширилади. Педагог ва ҳамширалар 0 дан 3 ёшгача болалари бор оилаларга ойига икки марта ташриф буюрадилар, ота-оналар иштирокида муолажа ва машғулотлар ўтказадилар ҳамда уйда таълим олиш учун ўйин тўпламлари ва ривожлантирувчи материалларни қолдиради.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги мамлакатлар орасида ижтимоий облигациялар механизмини жорий этувчи биринчи давлат бўлади.
Бундай ёндашувда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил этилган MTMларни молиялаштиришда эришилган ижтимоий натижаларга боғлиқ бўлади.
Таълим сифатини ўлчаш тизимини ташкил этиш мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳаларини қамраб олади. Умумий таълим мактабларидаги таълим даражаси ва сифатини мустақил баҳолаш қошидаги Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш Ташкилоти томонидан ўтказилади. Буни амалга ошириш учун Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда (PISA) иштирок этиши масаласи ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)