Кеча 30 май куни, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳарбий хизматчилари Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланвучилари ҳолидан хабар олиб, уларни ўзгача усулда байрам билан муборакбод этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари меҳмонларни хурсандчилик кайфияти билан кутиб олди.
Ҳарбий хизматчилар Меҳрибонлик уйига ҳарбий техникаларда кириб борганда болажонларнинг юзида ҳайрат ва қувонч ҳисси пайдо бўлди. Болалар ҳарбий техника ва жанговар қуроллар билан танишиб, ўз қўллари билан уларни ушлаб кўрди.
Болалар томонидан тайёрланган концерт дастури меҳмонлар кўнглида унутилмас из қолдирган бўлса, ҳарбийлар томонидан 108 нафар турли ёшдаги ўғил-қизларга тарқатилган китоблар ва турфа совғалар ҳақиқий байрам совғасига айланди.
Ташриф сўнгида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг аксарият қисми келажакда, албатта, ҳарбий бўлиб Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан, деган фикрни билдирди.
Изоҳ (0)