Украинада беш ёшли қизалоғини ўлдириб, танасини печкада ёқиб юборган ота-она қўлга олинди, бу ҳақда Украинанинг Житомир вилояти миллий полицияси матбуот хизмати хабарига кўра Sputnik маълумот беради.
Хабарга кўра, фуқаро ўзаро жанжал вақтида беш ёшли қизини ўлдириб қўяди.
Қотиллик изларини яшириш мақсадида рафиқаси билан биргаликда қизининг танасини печкада ёқиб юборади. Сўнгра қолдиқларини ариққа ташлаб юборади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари текширувларида «қайғу-аламга» чўккан она уч ёшли ўғлига қизларнинг кийимини кийдириб, қизи сифатида кўрсатишга уринади. Бироқ полиция ходимлари аёлнинг ҳийла-найрангларига учмасдан ҳамма фарзандларини кўрсатишини талаб қилади. Натижада боланинг на уйда на ҳовлида борлиги маълум бўлади. Ота-она тахминан 8 ой олдин содир этган даҳшатли жиноятини тан олишга мажбур бўлади.
Маълум бўлишича, бу оила ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 2009 йилдан бери яхши таниш. Аёл ичкиликка ружу қўйганлиги ва ота-оналик мажбуриятини бажармаганлиги сабабли икки ўғлига оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Ушбу мудҳиш қотиллик содир этган бу шахслар ҳибсга олинган. Ҳозирда қасддан одам ўлдириш айблови билан жиноий иш қўзғатилган ва терговчилар қотиллик тафсилотларини ўрганиш мақсадида тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Украинанинг амалдаги қонунчилигига кўра, болани ўлдириш 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси билан жазоланади.
Изоҳ (0)