Қашқадарё вилояти пиллакорлари бугунги кунгача қарийб 2 минг тонна «кумуш тола» тайёрлаб, шартнома мажбуриятини бажарди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бекзод Маматқулов хабар бермоқда.
— Бу йил илк мавсумда вилоятда барча звенолар томонидан 35 минг 500 қути ипак қурти парваришланди, — дейди вилоят «Агропилла» МЧЖ раҳбари Ражабали Мейлиев. – Ипак қурти боқиш ҳадисини пухта ўзлаштирган воҳа пиллакорларининг бу муваффақиятига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тармоқда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, фермерларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, харид нархлари оширилиб, маблағлар мавсум бошиданоқ бўнак сифатида берилгани, шунингдек, уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланадиган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниб, бир пилла мавсуми пиллачиларга пенсия тайинлашда йиллик иш стажи сифатида ҳисобланаётгани муҳим омил бўлди.
Ҳозирги кунда айрим ҳудудларда пилла ҳосилини қабул нуқталарига топшириш жадал давом этаётган бўлса, бир қатор туманларда кўзда тутилган режа аллақачон уддаланиб, энди хирмонни янада юксалтиришга киришилган.
Жумладан, 3 минг 825 қути ипак қурти парваришлаган Касби тумани пиллакорлари қайта ишлаш корхоналарига 210 тоннадан зиёд кумуш тола сотиб, шартнома режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарган бўлса, вилоятнинг йиллик пилла режасини бажаришда Косон, Миришкор, Ғузор, Шаҳрисабз ва Қамаши туманлари пиллакорлари муносиб ҳисса қўшди.
Аввалроқ Қарши туманидаги болалар боғчаси биноси ҳудудида «туман ҳокими топшириғи билан» пилла парвариш қилингани ҳақида «Дарё» суриштируви чоп этилганди.
Изоҳ (0)