Испания терма жамоаси ҳамда «Барселона» собиқ ярим ҳимоячиси Хави Эрнандес футболчилик фаолиятига якун ясади ва «Ас-Садд» бош мураббийлиги лавозимига тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
39 ёшли испаниялик сўнгги бор Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида «Персеполис»га қарши майдонга тушди. Аввалроқ Хави футболчилик фаолиятини тамомлагандан сўнг Қатар клубини бошқариши маълум бўлганди.
Испаниялик клуб билан 2020 йилга қадар шартнома имзолади.
Хави «Барселона» тарбияланувчиси ҳисобланади. У фаолиятининг асосий қисмини айнан шу клубда ўтказди ва жамоа таркибида 767 та учрашувда майдонга тушди. У 2015 йилдан буён Қатарнинг «Ас-Садд» клубида тўп суриб келаётганди.
Ярим ҳимоячи 2000 йилдан 2014 йилга қадар Испания терма жамоаси таркибида умумий ҳисобда 133 та ўйинда майдонга тушди ва у терма жамоа билан биргаликда 2010 йилда жаҳон чемпиони, 2008 ва 2012 йилларда эса Европа чемпионига айланди.
Хави «Барселона» сафида 8 марта Испания чемпиони бўлди, 3 маротаба мамлакат кубоги ва 6 марта Суперкубок ғолиби бўлди. Бундан ташқари у 4 карра Европа Чемпионлар Лигаси совриндори ҳисобланади. Шунингдек, 2 марта УЕФА Суперкубогига эга чиқди ва клублар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)