Сурхондарё вилоятида масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бугун 24 май муборак Жума куни Термиз шаҳрида Ислом оламидаги улуғ аллома Ҳаким Термизий номидаги янги қурилган масжиднинг очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
2018 йилда Ўзбекистон Президенти Сурхондарё вилоятига қилган сафари чоғида буюк аллома Ҳаким Термизий мажмуасига яқин жойда жоме масжиди қурилиши бўйича бир қатор топшириқ берган эди.
Ана шу ташаббуснинг ижроси сифатида бугун бу жойда 3000 дан ортиқ сиғимга эга бўлган муҳташам жоме масжид бунёд бўлди. Мазкур масжид Термиз шаҳрининг дарвозаси, яъни шаҳарга кириш йўлида барпо этилди.
Масжиднинг очилиш маросимида иштирок этган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов ва бошқа уламолар вилоятнинг барча туманларидан ташриф буюрган намозхонларни янги масжид билан қутлади. Вилоят ҳокими Т.Боболов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили, бош имом-хатиб А.Сайфуддиновга масжиднинг Адлия вазирлигидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномани топширди.
Сўзга чиққанлар масжид Ҳаким Термизийнинг салобати, улуғворлигига мос бўлгани, бу даргоҳ аҳоли учун ҳидоят ва маърифат маскани бўлиб, унинг иймон-эътиқодининг юксалишида кўп йиллар хизмат қилишини таъкидлади.
Масжидда ўқилган биринчи намоз жума намози бўлди. Қолаверса, бугун 24 майдан таровеҳ намозларида хатми Қуръон бошланади.
Изоҳ (0)