Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси Мирзо Улуғбек мадрасасида «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Самарқанд давлат университети, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти, Польшадаги Люблин технология университети ҳамда Регистон мажмуаси томонидан ташкил этилган тадбирда асосий эътибор тарихий-маданий мерос объэктларини асраб-аввайлаш, уларни ўрганиш масалаларига қаратилди. Мазкур ўқув муассасалари олимлари, архитектор ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар мавзу юзасидан ўз маърузаларини тақдим этди.
2018 йилнинг май—июнь ойларида Польшанинг Люблин политехника университети олимлари Самарқанд шаҳрида бўлиб, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларнинг тарихини ўрганишда замонавий ахборот технологияларини қўллаш масалалари билан танишган эди.
«Ўшанда меҳмонлар Шердор мадрасаси пештоқидаги шер ва кийик композициясини сканер қилиб, ранглар мутаносиблиги, деталларнинг ҳажми ва жойлашувини миллиметрлаб ўлчаганди. Шу асосида мазкур обидаларни сақлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди, ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди. Бу келишув Регистон ансамбли ва Люблин политехника университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланиши билан мустаҳкамланди. Мазкур анжуман ана шу ҳамкорлик самарасидир», — дейди Регистон ансамбли мустақил дерекцияси директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Азамат Самадов.
Анжуман қатнашчилари Ўзбекистондаги меъморий обидалар, тарихий қадамжоларни таъмирлаш ва реставрация қилишда буюк аждодларнинг бетакрор иш услубига таянган ҳолда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Тадбирда Польшанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Пётр Ивашкевич иштирок этди.
Изоҳ (0)