Германиядаги Росток университетининг бир гуруҳ профессорлари — тиббиёт факультети декани ўринбосари, Ядро тиббиёти клиникаси директори Бернд Краузе, университет клиникаси торакал жарроҳлик бўлими бошлиғи Рудольф Ортер Андижон давлат тиббиёт институтига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Делегация вакиллари АДТИ билан ўзаро ўқув, илмий-тадқиқот ва даволаш ишларинини ҳамкорликда олиб бориш, шартномалар асосида талабаларни ўқитишни йўлга қўйиш бўйича келишув мақсадларини баён этиб, институт илмий кенгашлар залида профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида ўтказилган мулоқотда ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Меҳмонлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалида ҳам бўлиб, соҳада ечимини кутаётган муаммолар, бугунги кунда онкологик хизматни юқори даражага кўтариш, эрта ташхис ва даволашнинг самарали усулларини қўллаш борасида шахсий фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, улар филиал бўлимларидаги беморлар кўригида ҳам қатнашиб, шифокорлар ва фуқароларга зарур тавсия ҳамда маслаҳатлар берди.
Ташриф сўнгида германиялик профессорларга институт раҳбариятининг эсдалик совғалари туҳфа этилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида АДТИ ректори М.Мадазимов Германиядаги мазкур университетда бўлган ҳамда иккала олий таълим муассасаси ўртасида бакалавриат йўналишида қўшма факультет очиш, онкология йўналишида ҳамкорликда магистрлик дастури асосида мутахассислар тайёрлаш бўйича шартномалар имзолаган эди.
Изоҳ (0)