Жиззахда Айдар-Арнасой кўллар ҳудудларида туризмни ривожлантириш мақсадида инвестиция киритиш шарти билан таклиф этиладиган ер майдонларининг рўйхати шакллантирилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Жиззах вилоятида туризмни ривожлантиришда ноёб табиий ҳудуд бўлган Айдар-Арнасой кўллари тизимининг алоҳида ўрни бор. Ушбу ҳудуднинг туристик инфратизимни ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 апрелдаги «Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир.
Мазкур ҳужжатда белгиланган бешта устувор вазифадан бири ҳудудга инвестиция жалб этиш туризмни ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ҳудудга инвестициялар киритиш, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш фақат балиқчиликни ривожлантириш эмас, туризмни йўлга қўйиш учун ҳам жуда зарур.
Шу мақсадда вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва тегишли ташкилотлар томонидан кўллар ҳудудларининг туристик имкониятлари ўрганиб чиқилиб, инвестиция киритиш шарти билан таклиф этиладиган майдонлар рўйхати шакллантирилди.
Рўйхат бўйича кўллар ҳудудида туризм иншоотларини барпо этиш, туризм хизматларини қўйиш бўйича инвестиция киритиш шарти билан умумий сатҳи 80 минг 25 гектар бўлган 53 та майдон таклиф этилмоқда. Рўйхатга киритилган майдонларда 2 та туристик комплекс, 10 та меҳмонхона, ҳотел, уй меҳмонхоналар, 41 та билиқ ови, овчилик, сув сайёҳлиги бўйича туристик базалар барпо этиш мўлжалланган.
Айни пайтда вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган майдонларга инвесторларни жалб этиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)