Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессияси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий ваколатхонасига кўра, ассамблеянинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сайланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси ЖССТ олий органи бўлиб, унинг фаолиятида ташкилотга аъзо барча давлатлар делегациялари иштирок этади. Унинг асосий вазифалари сирасига ташкилот фаолияти йўналишларини белгилаш, унинг бош директорини сайлаш, бюджетини тасдиқлаш ва назорат қилиш киради.
Ассамблея раиси ва унинг 5 нафар ўринбосари ЖССТнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан сайланади ҳамда ассамблея сессияларида навбати билан раислик қилади.
Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлари ассамблея очилиш маросимида ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг чиқишида ҳам қайд этилди. У, жумладан, Ўзбекистон дунёнинг оз сонли давлатлари қаторида ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришганини таъкидлаган.
Изоҳ (0)