Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов ер майдони ажратиб бериш эвазига тадбиркорларни ижтимоий бинолар қуриш ва кўчаларни асфальт қилиш ишларига мажбурлагани учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда «Дарё»нинг ўз манбалари маълум қилди.

Фото: «Газета.uz»

14 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Абдусаматовни Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбли деб топган эди. Лекин судья Зафар Нурматов собиқ ҳоким айнан қайси қилмиши учун озодликдан маҳрум этилганига аниқлик киритмаган эди.

Маълум бўлишича, Абдусаматов ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб тадбиркорларни ер майдони ажратиб бериш эвазига тумандаги бир нечта ижтимоий объэкт ва маҳалла фуқаролар йиғини биноларини қуришга мажбурлаган. Шунингдек, шу шарт билан ҳудуддаги кўчаларни асфальтлаш ишларини ҳам тадбиркорларга бажартирган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги суд мажлисида собиқ ҳокимга пул бергани айтилган тадбиркорлар — Исроил Алимов, Умид Тўраев ва Шуҳрат Бобоев ҳамда фуқаро Музаффар Мусаев Абдусаматовга нисбатан моддий ва маънавий даъволари йўқлигини билдирилган эди.

Қайд этиш жоиз, суд ҳукмида дастлабки тергов ҳаракатлари давомида етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда қоплаш мақсадида собиқ ҳоким томонидан тақдим этилиб, ДХХ депозит хизмат рақамига топширилган 400 минг доллар унинг турмуш ўртоғи Абдусаматовага қайтарилиши, Malibu ва Captiva’лар эса тақиқдан чиқарилиши белгиланган эди.