Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёнаётган автомобилларнинг суратлари тарқалмоқда. Фойдаланувчиларнинг фикрича, бунга кундуз вақтида машина ёритгичларини ёқиб юриш сабаб бўлган. Бу масала кўпчиликни ўйлантираётгани сабабли Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан боғланиб, баъзи маълумотларни ошкор қилди.

Маълум бўлишича, 2018 йилда енгил машиналарни ёниб кетиши билан боғлиқ 64 та ҳолат қайд этилган эди. 2019 йилнинг бошидан эса Тошкент шаҳрида автомобилларнинг ёниши 11 марта қайд этилган. Булардан икки ҳолатда ёниш ёқилғи тизими ишдан чиққанлиги сабабли юз берган.

Қолган ҳолатларда эса ёнғин қуйидаги русумли автомобилларда электр ўтказиш тизими бузилганлиги боис содир бўлган — ГАЗ-3102, ГАЗ-2401, Daewoo Matiz, ВАЗ-2109, Hyundai Sonata, Ford Sierra, ГАЗ-2420, Chevrolet Epica, Chevrolet Captiva, Chevrolet Damas (ёнғинга ЙТҲ сабаб бўлган), Chevrolet Cobalt — автомобилнинг мотор қисмида содир бўлган борт компьютери ва аккумуляторни улаб турувчи электр ўтказиш тизимидаги қисқа узилиш сабаб бўлган. Автомобиль ёритгичларига зарар етмаган.

Фото: Telegram / @ExoUzbekistanа

17 май куни соат 16:00—17:00 оралиғида Фарҳод кўчасида қурилаётган ресторан қаршисида содир бўлган Volvo автомобилининг ёнишига, ҳайдовчига ёрдам берган қурувчиларнинг ва бошқа гувоҳларнинг ҳамда ҳайдовчининг ўзининг гапларига кўра, мотор қисмидаги муаммолар сабаб бўлган. У ва гувоҳлар «101» ёки «102» шошилинч хизматлар рақамларига қўнғироқ қилмаган. «Агар ижтимоий тармоқларда тарқалган суратга эътибор билан қаралса, ёритгичларга зарар етмаганини кўриш мумкин», — дейилади ИИББ ахборотида.

Фото: Telegram / @ExoUzbekistanа

ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг маълум қилишларича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди. «Шундай экан, агар автомобилингизнинг ‘ёши катта’ бўлса, техник кўрик давомида электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарур», — дея қайд этган Тошкент милицияси матбуот хизмати.

«Биз бу каби ҳодисалар суратларини тарқатувчи фуқароларни, блогерларни ҳамда Telegram’да ўз каналини юргизадиганларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз ‘экспертлик’ хулосалари билан одамларни чалғитмасликка чақирамиз», — дея якунланган Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ахбороти.