GM Uzbekistan компанияси учта янги моделни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастури Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи якунларига бағишланган репортажда маълум қилди.
Репортажда «Ўзавтосаноат» раиси Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон Президентига Chevrolet Equinox ва Chevrolet Traverse кроссоверлари ҳамда Chevrolet Trailblazer йўлтанламасини таништираётгани кўрсатилган. Асакадаги заводни модернизация қилиш лойиҳасининг қиймати 500 миллион долларга баҳоланмоқда.
Аввалроқ «Ўзавтосаноат» кроссоверлар сегментида янги автомобилларни ишлаб чиқариш режалаштираётганини маълум қилган эди. Captiva модели эса 2018 йилнинг кузида ишлаб чиқаришдан олинган эди.
Изоҳ (0)