Ҳар йилнинг 18 май куни мудҳиш сана — қримтатар халқининг депортацияси ёдга олинади. Қрим жуда узоқ бўлишига қарамай, бу воқеалар Ўзбекистонга ҳам бевосита алоқадор. «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ушбу тарихий воқеа тафсилотларини ҳикоя қилади.
1944 йил, 18 май. Эрта тонг, соат 4:00. Қримни бирданига НКВДнинг олдиндан тайёрланган 32 минг ходими босди. Ходимлар бутун Қрим бўйлаб хонадонларга бостириб кирди. «Тез туринг, биз сизни кўчирамиз. Жўнашингиз учун сизларга 5 дақиқа вақт берилади. Ўзингиз билан фақат уст-бош олишга рухсат, қолган нарсаларга тегманг».
Ярим оролда яшовчи қримтатарлар саҳарлаб нега НКВДчилар эшикларини тепиб, синдириб, хоналарга бостириб киряпти, нега уйғотяпти, нега уларни кўчирмоқчи, қаерга кўчиришади, умуман, гап нимадалигини тушуниб етгунича бироз довдираб турди. Уларга Олий бош қўмондоннинг буйруғини ўқиб беришганида эса ҳаммалари карахт аҳволга тушди. Буйруққа кўра, Қрим ярим оролидаги қримтатар миллатига мансуб аҳоли бор-йўғи бир ярим сутка ичида, 18 май, тонги соат 4:00 дан, 20 май, кечки 16:00 гача уйларини бўшатиб қўйиб, ярим оролдан олиб чиқиб кетилиши керак. Қочганланлар ушланганда, шунингдек, чиқиб кетишни хоҳламаганлар ўша заҳоти отиб ташланади.
Қримни катта бир фалокат қоплади. Одамлар НКВД ходимларининг турткилашлари ортидан фақатгина кийим-кечакларини олди холос. Шундан сўнг уларни олиб бориб юк ташишга мослашган вагонларга тиқиб, номаълум томонларга қараб олиб кетишди. Майнинг иссиқ ҳавосида вагонларда димиқиб қанчалаб одам йўлда ҳалок бўлди. Қолганлари амаллаб етиб келди. Кейинчалик, қримтатар миллатига мансуб одамларнинг тан олишича, уларнинг бахти бор экан: кўпчилигини Ўзбекистонга олиб келиб ташлашди.
«Ўшанда бизни Ўзбекистонда, жаллод Сталин бизга туҳмат қилиб пешанамизга ‘сотқинлар’ деб ёрлиқ ёпиштириб қўйганига қарамасдан, анча ҳамдардлик билан, илиқ кутиб олишди. Ўзбеклар бир бурда нонларини, уйларини биз билан бўлишди. Агар ўшанда ҳаммамизни Сибирга олиб бориб ташлашганда дунёда битта ҳам қримтатар қолмаслиги мумкин эди» деб эслашади, бугун ўша даҳшатли кунларни гувоҳи бўлган қримтатар қариялар.
Ўшанда ҳисоботларда «умумий 200 мингга яқин қримтатар кўчирилди» деб Қримдан кўчирилган татарларнинг сонини камайтириб кўрсатишгани кейинчалик аниқ бўлди. Ўшанда Қримдан қарийб ярим миллион аҳолини сургун қилишган ва уларнинг мутлақ кўпчилиги қримтатарлар бўлган. Кўчирилганларнинг эса қарийб 90 фоизи аёллар ва ёш болалар эди.
Сургун қилинган қримтатарларнинг бир қисми йўлда, яна бир қисми эса 1945–1946 йиллардаги очарчиликда ҳалок бўлиб кетган.
Ўша даҳшатли кунлар гувоҳи бўлган Айрия Багишева сўзлайди:
Отамнинг фронтга кетган кунларини яхши эслайман. У фронтга кетгунича колхозда ишларди. Отам кетганидан сўнг онам, мен ва сингилларим қолдик. Уйимиз Евпаторияга яқин қишлоқлардан бирида эди. Ҳовлимизда томорқамиз, сигир, куркаларимиз бор эди. Қишлоқ яқинида ҳарбийлар жойлашган эди. Уларнинг вазифаси Симферополь ва Севастополь томонга учиб ўтишга уринган немис самолётларини уриб тушириш эди. Биз уларга уларга озиқ-овқат олиб борар эдик.Айрия таълим ололмади. Уруш давом этаётгани учун бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ошиқча эди. Уларда яшаш учун ишлаш ва уруш тугашини кутишдан бошқа имконият бўлмаган.Кучлар тенг бўлмагани учун оғир жанглардан сўнг немислар барибир бизнинг қишлоққача етиб келди. Уларнинг энг биринчи иши уйма-уй юриб, яҳудийларни қидириш бўлди. Қишлоқда қолган кексалар ва аёллар ёши каттароқ, ўсмир ёшдаги болаларни немислар Германияга жўнатиб юбормасин деб, дуч келган жойга яширди. Шу тариқа ўсмир болаларни сақлаб қолишди. Ёш болаларга эса улар тегинишмади.
Кунлар ўтди. Немислар енгилиб, ортга чекинди. Қрим озод бўлди.Бугунги кунда Қримда ўша-ўша даҳшатли кунлар эсланганда Айрия хонимга ўхшаб «мен кўрганман», «мен гувоҳи бўлганман» деб ўша оғир кунларни ўз бошидан ўтказган инсонлар жудаям кам қолган. Улар ўша оғир кунларни ёш авлод зинҳор унутмаслигини хоҳлайди.«Совет қўшинлари келганда биз ‘ўзимизникилар келди’ деб қичқириб хурсанд бўлганмиз. Аммо…
Аммо 1944 йилнинг 18 май санасида, саҳар пайти эшигимизни кимлардир тепиб синдириб уйимизга кирди. Қарасак, қизил юлдузчали погонлари бор амакилар экан. Биз ҳайрон бўлдик. Олдинига «немис айғоқчи-қўпорувчилари ўзимизникиларнинг формасини кийиб, қайтиб келиб қўпорувчилик қилиб юрибди» деб ҳам ўйладик. Улар «тез жўнанглар, сизларни кўчирамиз» деб тинмай бақирар эди. Нега кўчиришади? Қаерга кўчиришади? Бироздан кейин маълум бўлдики, лаънати Сталин бизларни — қримтатарларни ватанимиздан, жонажон Қримимиздан сургун қилиш ҳақида қарор қабул қилган экан. Келиб, эшигимизни тепиб синдириб уйимизга кирганлар совет ҳарбийлари кийимидаги немислар эмас, ўзимизнинг НКВДчилар экан. Ўшанда бизни қисқа муддатда юк вагонларига тиқиб, номаълум тарафга жўнатиб юборишди. Юк вагонларида тиқилиб, устма-уст бўлиб кетар эканмиз, кимлардир кўз ўнгимизда турли сабаблар билан вафот этар, бекатларга етиб боргунча иссиқда сасий бошлаган ўлик билан ёнма-ён кетар эдик. Бекатларда ўликларни тушириб олиб қолишар эди. Ҳамма бурнини рўмол билан боғлаб олган, аммо вагондаги сассиқ ҳидга барибир тоқат қилиб бўлмас эди. Йўлда вафот этганларнинг аксарияти гўдак болалар эди.
Шундан сўнг узоқ юриб бир бекатда тўхтадик. Ҳаммамизни туширишди. Кейин олиб бориб баракларга ёки қаровсиз уйларга жойлашди. Кейин билсак, Ўзбекистонга, Тошкент яқинидаги Чирчиқ шаҳри атрофидаги совхозга олиб келишган экан. Орадан бироз ўтиб онам вафот этди ва биз ёлғиз қолдик. Сингилларимни боқиш учун мен ҳаракат қилишим лозим эди. Шунда бекатга чиқиб қўшиқ айтиб юрдим. Урушдан қайтаётган аскарлар менга нон ва бошқа егуликлар берарди. Бир марта бир аскар 10 сўм пул берганда йиғлаб юборганман. Ўшанда милициядан қочиб юришга тўғри келар эди. Мабодо уларнинг қўлларига тушиб қолганимда ҳам ўзимнинг қримтатар эканимни бекитар ва «қозонтатарман» дердим. Ўзбек милиционерлари инсофли эди ва қўлга тушиб қолсам ҳар сафар қўйиб юборарди. Аммо барибир бир кун бизларни болалар уйига топшириб юборишди. У ерда вояга етиб, Ангрендаги конга ишга борганимдан кейин сингилларимни қидириб топганман.
14 ёшимда Ангрендаги конда ишлай бошладим. Иш стажимнинг ҳаммаси шу ерда ўтди. Шу ерда у турмуш ўртоғим билан танишдим. У билан оила қурдик. Уч нафар фарзандли бўлдик. Орадан узоқ йиллар ўтди. Кунлардан бир кун бизга Қримга қайтишимиз мумкинлиги ҳақида хабар беришди. Турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандимиз билан Қримга қайтдик. Аммо юрагим Ўзбекистонда қолган. Бу юртни ўлгунимча бизга берган меҳри учун унута олмасам керак. Фарзандларим Ўзбекистонда туғилгани учун ўзларини ҳанузгача ўзбекистонлик деб ҳисоблайди; улар Қримда туғилган набираларимга Ўзбекистон иккинчи ватанимиз эканини, ўзбекларни қаерда кўришса ҳам, ҳар қандай ҳолатда уларга ҳурмат кўрсатишни, ёрдам бериш лозимлигини таъкидлаб тарбия берди. Ўзбекистон нафақат бизнинг, балки миллионлаб қримтатарларнинг иккинчи ватанидир.
Ҳар йили 18 май куни бутун Қрим ярим ороли бўйлаб ўша оғир ва машъум кунни, унинг қурбонларини хотирлаш куни бўлиб ўтади. Ўзбекистонда қолган ўн минглаб қримтатарлар ҳам хотира тадбирларига чиқади. Ўша куни қримтатарлар ўша машъум кунлар гувоҳи бўлган кекса ёшдаги инсонларни йўқлайди, қатағон муносабати билан барпо этилган хотира мажмуаларига боради. Ўтганлар руҳига Қуръон тиловати қилинади.
Қримтатар халқини 1944 йил, 18 майда, Қримдан депортация қилган бўлишса, орадан йиллар ўтиб, 1967 йилда СССР Олий Совети 1944 йилда қримтатарларнинг ўз уйларидан сургун қилиниши хато бўлганини тан олди. Фақатгина 1989 йилга келиб Олий Совет қримтатарлар депортациясини «ноқонуний ва жиноий бўлганини» расман тан олди. Охирги йилларда Латвия ва Украина парламентлари қримтатарлар депортациясини геноцид деб тан олди.
Ўшандан сўнг сургун қилинган жафокаш халқнинг асосий қисми яшайдиган Ўзбекистондан уларнинг бир қисми ўзларининг тарихий ватанига кўчиб кетди. Бир қисми эса бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда, ўзбек халқи билан бир оила бўлиб ҳамжиҳатликда яшамоқда.
Бугун ўша машъум санага 75 йил бўлипти. Қримтатарлар фожиасини бугун англаш учун киши ўзи туғилиб ўсган юртидан ҳеч бир айбсиз қувғин бўлиши керак. Акс ҳолда бу миллат бошига тушган оғир мусибатларни тўлақонли англаб ета олиш мушкул.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)