Профессионал боксда юқори натижаларни қайд этиб келаётган Шоҳжаҳон Эргашев нафақат Ўзбекистон, балки хорижлик мухлислар қатори етук мутахассислар назарига ҳам тушган. Айрим мураббийлар оғир зарба эгаси, юқори маҳорат соҳиби, жисмонан ва руҳан кучли боксчи билан ишлаш илинжида унинг жангларига келгани ва ҳамкорлик таклиф қилгани ҳам рост. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) рейтингида 4-ўринни эгаллаб, -63,5 кг вазн тоифасида жанг ўтказиб келаётган фарғоналик чарм қўлқоп устаси билан эксклюзив суҳбат уюштирди.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Жангдан олдин ўзбек миллий либосларида рингга чиқишингиз кимнинг ғояси?

— Ҳаваскор боксдаги устозим дадам Абдусами Эргашев бўлади. Улар 2015 йилнинг 23 декабрь куни Москвада ўтказилган илк профессионал жангимда ёнимда бўлиб, «Сен ўзбек ўғлисан. Ҳар доим рингга ўзбек дўпписи ва чопонида чиқишинг керак», деган гапни қаттиқ тайинлаган ва миллий кийимларимизда рингга кўтарилганман. Шундан сўнг бундай кийимларда рингга чиқишни одат қилдим ва бу менинг қайсидир маънода имижимга айланди. Аралаш яккакураш мусобақалари жангчиси Ҳабиб Нурмагомедов бошидаги кавказ миллий бош кийими «папаха»ни кўрган спорт ишқибозлари унинг Доғистон фарзанди эканлигини дарров сезишади. Мен ҳам ҳар гал жанг бошлашдан олдин бошимга дўппи, эгнимга чопон кийганимда, мухлисларим ўзбекистонлик эканлигимни билишини мақсад қилганман. Бу қалбимда миллий ғурур туйғусини янада жўш урдириб, менга икки карра куч бағишлайди.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Спорт оламини танлашангизнинг боиси нима?

— Падаримнинг ўзи боксчи бўлганлиги боис мени ҳам касбига кичкиналигимдан қизиқтирган. 6 ёшимда машина уриб юборганидан сўнг шифокорлар бокс билан шуғулланишимни қатъий тақиқлашган. Жароҳат оғирлиги ва қулоғимнинг орқасини тикишгани туфайли ҳатто мени ўлиб қолади, дея хавотирга ҳам тушишган. Бир неча йил мактабга ҳам бормай, уй синфида таҳсил олдим. Менинг аҳволимни кўрган дадам «Таниқли боксчи бўлмаса-да, спорт орқали саломатлигини мустаҳкамласин», деган фикрда мен билан шуғулланишни давом эттирган. Ҳар куни оз-оздан машғулотлар ўтказиб, бошимга тушадиган муштга чап беришни ўргатган. 6-синфдан эса бокс тушишни бошладим.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Маълум вақт футбол билан ҳам шуғулланганлигингиз ростми?

— Юқорида айтганимдек, қишлоғимизда юз берган кучли автофалокатдан кейин отам соғлом ҳаёт кечиришимни истаб, мени турли спорт турларига қизиқтирган. Ўша кезларда бокс билан шуғулланиш баробарида юқори даражада футбол ҳам ўйнаганман. Тўрт йил давомида Фарғона вилоятининг турли жамоаларида тўп суриб, Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида «Нефтчи» жамоаси шарафини ҳимоя қилганман. Ҳужум чизиғида ўйнаганим учун олий лига учрашувларида гол уришга муваффақ бўлганман.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Миллионлар ўйинини нима сабабдан тарк этгансиз?

— Ўша пайтларда фурсати келиб, футбол ёки боксни танлашим шартлигини доимо ҳис қилардим. Чунки энг оммавий ҳисобланган бу икки спорт турининг талаблари бир-бирига умуман зид. Қолаверса, бокс борасида кўпроқ тушунча ва сир-асрорларга эгалигим ҳамда қизиқишим устунлиги сабаб шу спорт турини танлашга қарор қилганман. Агар футболни танлаганимда ҳам мендан яхшигина футболчи чиқарди.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Ҳаваскор боксда қандай натижаларни қўлга киритгансиз?

— Профессионал рингга чиққунга қадар терма жамоа аъзоси сифатида юзлаб жанг ўтказиб, қарийб барчасини нокаут билан ютганман. Ўз вақтида Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб чиққанман. Аммо Осиё ва жаҳон ўйинларида қатнашиш насиб қилмаган. Айрим сабаблар билан 2015 йилдан профессионал боксга ўтдим. Қандай сабаблар туфайли ҳаваскор боксни тарк этганимни вақти-соати етиб, албатта, ошкор қиламан. Профибоксга ўтганимдан сира афсусланмайман. Боксчи сифатида нималарга қодирлигимни профессионал рингларда синаб кўраётганимдан бахтиёрман.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Биринчи профессионал жангда қозонган ғалабангиз эвазига қанча гонорар олгансиз?

— Бошидаги учта жангимдан умуман ҳақ олмаганман. У вақтда бош мақсадим менга мураббийлик қилган россиялик Сайфулло Пўлатовдан кўпроқ билмаганларимни ўрганиш ва ўз номимни танитиш бўлган. Гонорарни эса тўртинчи жангимда олганман.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги қишлоқларнинг бирида туғилиб, улғайгансиз. Кун келиб дунёнинг АҚШ, Россия Федерацияси сингари ривожланган мамлакатларида жанг ўтказиб, мухлислар орттиришни тасаввур қилганмисиз?

— Тўғрисини айтсам, ҳеч қачон бундай онларни бошимдан ўтказишимни ўйламаганман. Барчасига халқимизнинг дуоси, Президентмизнинг яратиб бераётган имконияти, эътибори туфайли эришаяпман.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Жаҳонга машҳур шаҳарларда бўлганингизда кўпроқ нималарни ҳис қиласиз?

— Албатта, Ватан соғинчи қийнайди. Қишлоғимни, ариқларда чўмилиб юрган кунларимни соғинаман. Ўз юртимда ҳам карьерамни давом эттирсам бўлади. Аммо профессионал бокснинг қайноқ маркази ва жаҳон чемпионлик камарлари Америкада бўлганлиги, унга яқинроқ туриш учун океан ортида шуғулланаман.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Ҳаваскор боксда бир қатор ютуқларга эришиб, эл назарига тушган боксчиларимизнинг бир неча нафаридан интервью олишга қийналдик. Сиз эса таклифимизга бажонидил розилик билдирдингиз. Ҳозир амин бўляпманки, ҳамон самимий ва одамоҳунсиз. Ўзингизни юлдуз боксчи, деб ҳисобламайсиз, назаримда.

Мен кечаги кунини унутадиган инсон эмасман. Профессионал боксдаги фаолиятимни бошлашдан олдин уч ярим йил Россиянинг турли ҳудудларида мигрант сифатида ишлаб, ўзига хос қийинчиликларни кўрганман. Мен ҳам барча қатори оддий одамман. Бировдан устунлик жиҳатим йўқ, деб ўйлайман. Кўча-кўйда ҳам бокс мухлислари таниб қолиб, расмга тушишни таклиф қилишса, йўқ демайман ва бундан бениҳоя хурсанд бўламан. Негаки, спорт мухлислар билан қизиқ. Мухлиси бўлмаган боксчи ўзини спортчи санамаса керак. Менимча, спортда юлдузлик касалига учраган одам ривожланишдан тўхтайди.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Боксдан ташқари яна қайси спорт турларига қизиқиб, кузатиб борасиз?

— Ҳануз футболнинг ашаддий мухлисиман. Вақт топиб, тўп суриб туришга ҳаракат қиламан. Бир пайтлар от спорти билан ҳам шуғулланиб, бир неча карра мусобақаларда ғолибликни қўлга киритганим учун ҳозир баъзан бўлса-да от минаман. Ит боқишга ҳам қизиқаман. От ҳамда итнинг инсонга вафодор дўст бўлишига қаттиқ ишонаман ва уларга меҳрим кучли.

Фото: Шоҳжаҳон Эргашев

— Бўйдоқ спортчилар сафини қачон тарк этасиз?

— Насиб қилса, шу йил кузда оила қураман. Тўйимни яқинларим, қариндош-уруғ ва ёр-у биродарлар ўртасида шов-шувсиз, дабдабасиз ўтказишни режалаштирганмиз. Исрофгарчилик, ортиқча ҳашамга кетадиган каттагина пулни бошқа савобли ишлар учун сарфламоқчиман. Бугун қўлимизда бор маблағ эртага йўқ бўлиши мумкин. Шу боис барчамиз ўзимиздаги имкониятни бошқаларнинг ҳам фаровон яшаши учун сарфласак, катта савобга эришамиз. Ҳозир бу борада бир нечта лойиҳаларни амалга оширишга киришганман. Сентябрь ойида бу ҳақда кўпчиликни бохабар қиламан. Айни пайтда сир бўла қолсин.

— Китоб мутолаасига иштиёқингиз қандай? Бадиий адабиётлар ўқиб турасизми?

— Кўпроқ диний адабиётлар ўқишни ёқтираман. Ҳозир Шайҳ ҳазратларининг «Бахтиёр оила» асарини мутолаа қилаяпман.

— Шаҳрам Ғиёсов иккингиз ўртангизда жанг ўтказилиши ҳақида анча гап-сўзлар тарқалди. Аммо бу спектаклга ҳам ўхшади. Жанг бўлиши аниқми?

Жангга тайёргарлик бошланган. Лекин унинг қачон ўтказилиши маълум эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

— Шаҳрам билан ҳаётда муносабатларингиз қандай?

— Шаҳрамни ҳаваскор боксда юрган пайтларимдан буён танийман. Ўшанда ҳам бир неча марта рингга тушганмиз. Унинг кучли боксчи эканлигини доимо тан оламан ва ҳурматим баланд. У босиб ўтган йўл ва кўрган машаққатлари қадрлашимга асосий сабаб ҳисобланади. Лекин ҳаётда жуда кам кўришамиз.

— Қачондир тадбиркорлик фаолиятингизни йўлга қўйишингиз мумкинми?

— Киндик қоним тўкилган қишлоғимда тадбиркорлик ишларини бошлаш арафасидаман. Ўзим лой кўчаларда ўйнаб, улғайганим учун шаҳардан кўра қишлоқларни ривожлантириш ва чекка ҳудудлардаги юртдошларимиз ҳаёти фарвонлашишига ҳисса қўшишни ният қилганман.

— Қайси жанг сиз учун оғир кечган?

— Ҳар битта жангда осонликча курашиб бўлмайди. Ўтган йили хитойлик 32 ёшли Жимин Ванг билан ўтказган 10 раундлик жангни 7-раундида елкам синиб кетган. Бир қўлим билан 3 раундни бир амаллаб тугатиб, ғолиб бўлишга эришганман. Шу жанг бошқаларига нисбатан оғир ўтган.

— Самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Ҳамиша ғалабалар нашидасини суриб, халқимиз эътибори-ю эътирофига сазовор бўлиб юринг!

— Сизларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан!