Мадриднинг «Атлетико» клуби ёзги трансферлар ойнасида «Порту»нинг 3 нафар ўйинчисини ўз таркибига қўшиб олиши кутилмоқда. Бу ҳақда ESPN хабар берди.

Фото: Google Images

Нашрда ёзилишича, ярим ҳимоячи Эктор Эррера Португалия клуби билан тузган шартномаси муддати ёзда тугайди ва у эркин агент сифатида «матрасчилар» сафига қўшилади.

«Атлетико» «Порту»нинг яна икки нафар футболчиси Аугусто Фелипе ҳамда Алекс Теллесни сотиб олишни режалаштирганди. Маълум бўлишича, клублар трансферлар масаласи бўйича келишувга эришган. Бразилияликлар Мадрид клубини тарк этаётган Диего Годин, Фелипе Луис ва Лукас Эрнандеснинг ўрнини эгаллайди.

Жорий мавсум 29 ёшли Эррера Примейро доирасида 32 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та голга муаллифлик қилган бўлса, 26 ёшли Теллес шунча ўйинда 4 та гол уришга муваффақ бўлди (3 таси пенальтидан). 29 ёшли Фелипе ҳисобида эса 30 та беллашувда 1 та гол ва 1 та автогол мавжуд.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!