Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида аварияга учраган тез ёрдам бригадаси ва чақирув қилган ҳомиладор аёлнинг ҳолати билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритилди.
Zarnews нашрга кўра, 2019 йил 12 май куни тонги соат 03:40 да Пахтачи туманининг «Дабуся» маҳалласида яшовчи ҳомиладор аёл М.Қаршиева шошилинч тез ёрдам сўраб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Ушбу чақириққа жавобан яқин атрофда жойлашган Болтали тез ёрдам шохобчасининг тез тиббий ёрдам бригадаси шифокорлари Damas русумли автомашинада йўлга чиққан.
Аммо соат 04:05 да М-37 автомагистрал йўлида кетаётган тез ёрдам машинаси MAN юк машинаси томонидан уриб юборилиши оқибатида автоҳалокатга учраган. Натижада тез тиббий ёрдам бригадаси аъзолари оғир тан жароҳатлари олган ва зудлик билан туман марказий шифохонасининг реанимация бўлимига олиб келинган.
— Бригада фельдшери О.Дониев ҳамда врач И.Аҳмедов шу куннинг ўзида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига юборилди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шавкат Жабборов. — Марказ директори, тиббиёт фанлари доктори А.Тиляков бошчилигидаги бир гуруҳ шифокорлар томонидан консилиум қилиниб, керакли тиббий муолажа ва тавсиялар берилди. Автоҳалокатга учраган бригада ҳайдовчиси Э.Узоқов эса туман тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда.
Чақириқ бўлган «Дабуся» маҳалласида яшовчи М.Қаршиеванинг хонадонига иккинчи тез ёрдам бригадаси боргунича туғруқ уйида ўтказилган. Ҳозирда она ва боланинг аҳволи яхши, туғруқ асоратсиз ўтган.
Изоҳ (0)