12 май куни тонгда, соат тахминан 4:05 да «Тошкент—Нукус» М-37 йўлининг Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудидан ўтган 120-километрида MAN юк машинаси Damas тез тиббий ёрдам машинасини уриб юборган. Натижада туман тиббиёт бирлашмаси Болатли тез тиббий ёрдам бригадасининг уч нафар ходими оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, ушбу ҳодиса Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси Болатли тез тиббий ёрдам бригадасининг уч нафар ходими тумандаги «Дабуся» маҳалласида яшовчи ҳомиладор аёл М.К.нинг мурожаати асосида чақириққа бораётган вақтда бўлган.
Тез ёрдам машинаси йўлнинг қайрилиб олиш қисмидан бурилаётган вақтда MAN юк автомашинаси келиб урилиши натижасида 1965 йилда туғилган шифокор I.А., 1986 йилда туғилган фелдшер О.Д. ҳамда 1977 йилда туғилган ҳайдовчи Э.У. оғир тан жароҳати олган.
Ҳозирда жабрланганлар Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, шифокор назоратига олинган. Вазирлик ахборотида тез ёрдам чақирган ҳомиладор аёлнинг аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)