АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий адвокати Рудольф Жулиани Киевда яқинда сайланган Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.
Маълумотларга қараганда, Рудольф Жулиани Украинага сафари чоғида собиқ вице-президент Жо Байденнинг Burisma Holdings Украина газ компаниясида ишлайдиган ўғли ҳақида янги маълумотлар олишни ҳам режалаштирган. Шунингдек, адвокат Киевни Украинанинг АҚШдаги 2016 йилдаги президентлик сайловларига аралашуви бўйича терговни бошлашга ундашни ҳам хоҳлайди.
2016 йилда Украина Президенти Пётр Порошенко Burisma Holdings компанияси бошқарув кенгашида Хантер Байден бўлгани сабабли, ушбу йирик компанияга қарши тергов ишлари олиб бораётган бош прокурор Виктор Шокинни ишдан бўшатган эди. Жулиани Киевнинг бу тергов жараёнини якунлашини талаб қилмоқчи. «Бу маълумотлар менинг мижозим учун жуда-жуда керакли, менинг ҳукуматим учун эса жуда фойдали бўлиши мумкин»,— дейди адвокат.
Газетанинг ёзишича, Жулианининг Киевдаги ҳаракатлари яқин келажакда АҚШда бўлиб ўтадиган, 2020 йилдаги президент сайловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин, чунки номзодлар орасида Жо Байден ҳам бор.
Байден 2009 йилдан 2017 йилгача АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган. Унгача, 1973 йилдан буён АҚШ Конгрессида Делавер штати сенатори бўлган.
Изоҳ (0)