Токио—2020 Олимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси вице-президенти Тошиаки Эндо 10 май куни Тошкентдаги Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Уни қўмита президенти Умид Аҳмаджонов кутиб олди.

Фото: МОҚ

Ҳар икки томоннинг ўзаро суҳбат жараёнида МОҚ раҳбарияти ва мутасаддилари, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Набуаки Ито, шунингдек, қатор ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Фото: МОҚ

Умид Аҳмаджонов кенг доирадаги суҳбат давомида меҳмоннинг Ўзбекистонга қилган ташрифидан беҳад мамнун эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Сизни Тошкентда кўриб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Токиога қилган ташрифимда Олимпиада ташкилотчиларининг мусобақага олиб бораётган тайёгарлигини кўриб ҳайратда қолган эдим. Биз ҳам 2030 йили Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказмоқчимиз. Мусобақани юқори савияда ташкил этишда сизларнинг бу борадаги тажрибангиз бизга керак бўлади. Биз Япония Олимпия қўмитаси ва Япония футбол ассоциацияси билан ўзаро ҳамкорлик борасида меморандум имзолаганмиз ва бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда. Олимпия ўйинлари оиласига кирган япон спорт турлари бўйича миллий федерацияларингиз билан ҳам ҳамкорлик қилиш режамиз бор. Албатта, бунда сизнинг кўмагингиз асқатади. Шуниндек, Олимпиадага олиб борилаётган тайёргарликни ўзбек халқига кўрсатиш мақсадида журналистларимизни Токиога жўнатишни ният қилганмиз. Уларнинг мамлакатдаги мавжуд спорт инфратузилмаси ва Олимпиада учун махсус бунёд этилган объектлар билан яқиндан танишишида ҳам ёрдамингиз керак бўлади. Бизнинг ниятимиз Токиода бўладиган Олимпиада спортимиз тарихида ўчмас из бўлиб қолишини таъминлаш», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида япониялик меҳмон ҳам сўзи аввалида бундай ташрифдан хурсанд экани ва уни илиқ кутиб олишгани ҳақида гапириб берди.

Фото: МОҚ

«Ўзбекистонга яна бир бор ташриф буюрганимдан мамнунман. Бу менинг иккинчи ташрифим. 6 йил аввал Токио XXXII ёзги Олимпиадага мезбон бўлиши эълон қилинганди. Мана мусобақа бошланишига ҳам 441 кун қолди. Дарҳақиқат, бутун мамлакатда тайёгарлик жуда ҳам юқори даражада олиб борилмоқда. Бу ҳақда Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳам Токиога келганида алоҳида таъкидлаб ўтди. Дзюдо ва карате спорт турларидаги ҳамкорлик бўйича Япония Миллий олимпия қўмитаси билан гаплашаман ва ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Қолган спорт турларидаги ҳар қандай таклифингиз бўйича элчихонамиз сизга ёрдам беради. Май ойининг охири ва июнь бошларида Олимпиададан аввал қатор объектларида бир нечта спорт турлари бўйича тест мусобақалари ўтказилади. Ўзбек журналистларининг ташрифи учун энг маъқул вақт шу бўлса керак, деб ўйлайман. Синов мусобақалари ва тайёгарлик жараёнини кўздан кечиришда жамоам сизларга ёрдам беришга тайёр. Хусусан, сизнинг ўзингизни ҳам Токиода кутиб қоламан», – деди Тошиаки Эндо.

Шунингдек, суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳар икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш масалаларида ҳам фикр алмашди.

Фото: МОҚ

Фото: МОҚ

Суҳбат якунида икки томон вакиллари ўзаро совғалар алмашиб, эсдалик учун суратга тушишди. Шунингдек, мартабали меҳмон МОҚ музейига ташриф буюриб, ўзбек спортининг тарихи билан яқиндан танишди.

Фото: МОҚ

Фото: МОҚ

Фото: МОҚ

Фото: МОҚ