2—6 май кунлари Боку шаҳрида Озарбайжоннинг биринчи президенти Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб яккакурашнинг «K-1» ва MMA йўналишлари бўйича халкаро турнир бўлиб ўтди, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълумот берди.
Унда Туркия, Покистон, Эрон, Озарбайжон, Грузия, Ироқ ва Ўзбекистондан борган 200 дан ортиқ спортчилар иштирок этиб, ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг 5 нафар ҳарбий хизматчиси Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, мамлакат терма жамоаси мазкур нуфузли мусобақада жами 9 та: 3 та олтин ҳамда иккитадан кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди.
«K-1» йўналишида Академиянинг 3-босқич курсанти Илҳомжон Худойбердиев 80 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган бўлса, курсант Сирожиддин Оққулов 85 кг вазн тоифасида 2-ўринни эгаллади.
MMA йўналишида эса Қуролли Кучлар академияси спорт йўриқчиси, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Атаулла Аҳунбабаев 90 кг вазн тоифасида ғалаба қозониб, олтин медалга эга чиқди.
Академиянинг яна бир спорт йўриқчиси, кичик сержант Нодир Жайнаров 65 кг вазн тоифасида кумуш медаль соҳибига айланди.
Изоҳ (0)