5 май, якшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тури доирасида 3 та ўйин бўлиб ўтади.
Куннинг дастлабки ўйинида «Андижон» клуби ўз майдонида Самарқанднинг «Динамо» жамоасини қабул қилади. Учрашув соат 17:20 да бошланади. Маълумот учун, андижонликлар 6 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида 10-ўринда бормоқда. «Динамо» ҳисобида эса 8 очко мавжуд ва жамоа 8-ўринни банд қилиб турибди.
Миржалол Қосимов қўл остидаги Олмалиқнинг ОКМК клуби «Сурхон»га қарши майдонга тушади. Ўйин соат 17:30 да старт олади. Эслатиб ўтамиз, олмалиқликлар аввалги турда «Насаф»га йирик ҳисобда мағлуб бўлганди (0:4). «Сурхон» эса «Андижон» билан дуранг ўйнаганди (0:0).
Вадим Абрамов бошлиқ Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби меҳмонда Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси билан ўйнайди. Баҳсга соат 19:45 да старт берилади. Қайд этиш жоиз, тошкентликлар 6-турда «Бухоро» билан дуранг натижа қайд этган бўлса (2:2), навоийликлар Тошкентнинг бошқа бир клуби «Локомотив»га 1:3 ҳисобида ютқазганди.
Суперлига
7-тур баҳслари
5 май, якшанба
«Андижон»—«Динамо» 17:20
ОКМК—«Сурхон» 17:30
«Қизилқум»—«Бунёдкор» 19:45
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)