Россияда ўзбекистонлик 3 ёшли бола деразадан тушиб кетиб, ҳалок бўлгани ҳақида ОАВларда эълон қилинган хабар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) томонидан тасдиқланди.
Маълум бўлишича, воқеа 2019 йилнинг 1 май куни Россиянинг Ленинград вилояти Всеволожск шаҳрида содир бўлган. Бола уйнинг 4-қаватида жойлашган хонадон деразасидан йиқилиб тушиш оқибатида вафот этган.
Мазкур хабар Ленинград вилоятининг тергов органлари томонидан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган.
«Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради», — дейилади вазирлик ахборотида.
Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангельск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненец автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда вилояти) ҳудудида жойлашган ўзбекистонликлар зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.
Изоҳ (0)