Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси олдидан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот эшитилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Қайд этилганидек, минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш бўйича 2019 йилда амалга ошириладиган геология-қидирув ишларининг дастури ишлаб чиқилиб, зарур вазифалар тасдиқланган. Мазкур дастурга асосан жорий йилда жами 388 лойиҳа доирасида бажариладиган геология-қидирув ишларига 788 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан йил якунига қадар олтин, кумуш, уран, қўрғошин, рух, мис, вольфрам, кварц хом ашёси, базальт каби 17 турдаги фойдали қазилмалар захиралари кўпайтирилади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 329 лойиҳа асосида геология-қидирув ишлари олиб борилиб, ушбу ишларга 90,9 миллиард сўм маблағ сарфланган. Олтин, уран, волфрам, темир, рангли металлар ва ер ости сувларини қидириш ва захираларини ошириш бўйича белгиланган режа асосида бурғулаш, тоғ-кон ишлари ва зовур қазиш ҳамда тозалаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар амалга оширилган геология-қидирув ишлари натижасида 30 та янги кон аниқлаш режалаштирилган. Шундан биринчи чоракда цемент учун оҳактош ва бентонит гил хом ашёси бўйича 2 та янги кон аниқланган.
Тадбирда соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўналишида олиб борилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, геология-қидирув борасида дала тоғ-кон ишларини бажариш бўйича белгиланган лойиҳалар тўлиқ якунланмагани, айрим йўналишлардаги ишлар лозим даражада ташкил қилинмагани сабабли геология-қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида жорий йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган асбоб-ускуналар учун ажратилган 4,4 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилмаган.
Ичимлик суви рерурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳудудларда ўзбошимчилик билан қазиб олинган ноқонуний қудуқларни тартибга солиш ва ичимлик суви таркибини ўрганиш борасида олиб борилган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)