Профессионал боксда фаолиятини бошлаётган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилиши маълум бўлди. Бу ҳақда «Мир бокса» промоутерлик компанияси вакили Алик Фроловга асосланиб, GoSport хабар берди.
Фроловнинг маълум қилишича, Бектемир айни вақтда мураббийлар Жоэл Диас ва Антонио Диас қўлида машғулотлар олиб бормоқда. Бектемирнинг зарбаси кучли экани ҳисобга олиниб, унга «безори» (Bully) дея лақаб беришган. Мелиқўзиев профессионал рингда фаолият бошлагач, айнан шундай лақаб остида рингга чиқиши кутилмоқда.
Ҳозирча Бектемир Мелиқўзиевнинг дебют жанги қачон бўлиб ўтиши маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, «Мир бокса» промоутерлик компанияси вакиллари саналган Шаҳрам Ғиёсов Wonder boy («мўъжизакор бола»), Муроджон Аҳмадалиев исми қисқартмаси — МЖ, Исроил Мадримов эса The Dream (орзу) тахаллусини олган.
Сўнгги жангидаги ғалабадан сўнг Мадримовни машҳур промоутер Эдди Ҳирн The Monster деб атаганди. АҚШда фаолият олиб бораётган яна бир боксчи Баҳодир Жалоловни эса Big Uzbek лақаби билан чақиришади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)