9 май – «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Нукус шаҳрида ҳам қад кўтарган «Юрт байроғи» майдони олдида «Шараф лентаси» акцияси ўтказилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Кенг қамровли аҳоли ва ёшлардан иборат Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Кенгашининг бир гуруҳ тарғиботчилари ва Миллий гвардия ҳарбий химатчилари ҳарбий оркестрнинг мусиқа садолари жўрлигида И.В.Савиский номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдидаги фаввора атрофидаги аҳолига хуш кайфият улашди.
Айниқса, сайлга чиққан бахт остонасига қадам кўяётган ёш келин-куёвлар Ватан байроғи акс этган ленталарни фахр билан кўксига тақиб, ҳарбий оркестр мусиқаларига яйраб, рақсга тушди. Гуруҳга қўшилган кўплаб кўнгиллилар билан эса музей олдидан йўлак бўйлаб Нукус деҳқон бозори томон йўл олиниб, у ердаги аҳолига ҳам «Шараф» ленталари тақиб қўйилди.
«Пойтахтимизда барчани ҳайратга солиб, кўтаринки кайфият улашаётган бу «Шараф лентаси» менинг ҳам кўксимда. Бу акция шаҳримиз бўйлаб барчага байрамона кайфият улашибгина қўймасдан, аҳолига Она ватанга севинч ҳис-туйғусини ва бу тинч, осуда ҳаётимизга шукроналикни бағишламоқда», — дейди онахон Гулхан Аитбаева.
Мазкур акция Ўзбекистон бўйлаб давом этмоқда.
Изоҳ (0)