Донбасдаги можарони Украина ҳудудининг қисмидан Россиянинг фойдасига воз кечиш йўли билан ҳал қилиш президент Владимир Зеленскийга фуқароларнинг муносабати кескин ёмонлашишига олиб келади, дея фикр билдирди АҚШ Давлат департаментининг махсус вакили Курт Волкер. Бу ҳақда Valasz Online хабар берди.
«У аслида тескарисини айтган эди. У Украинанинг ҳудудий бирлиги ва суверенитетини тўлиқ тиклашини айтган эди. Ва у аллқачон бошланган жараённи қўллаб-қувватламоқда. Аммо буни аксини қиладиган бўлса, у халқини ўзига қарши қилиб қўяди», — деб огоҳлантирди Волкер.
Оқ уй элчисининг фикрига кўра, можарони ҳал қилишнинг энг яхши усули — бу БМТнинг тинчлик миссиясини Донбассга жорий қилиш бўйича таклифни ишлаб чиқиш ва Киев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришдир.
«Шарқда урушни тугатиш жараёни самарали бўлишига умид қиламиз. Россиянинг қўлидан тинчлик ўрнатиш келади, аммо Россия бундай қиладими, йўқми, барибир биз Украинага муваффақиятли ва кучли давлат бўлишига ёрдам беришимиз керак», — дейди америкалик дипломат.
Зеленский сайловларнинг иккинчи турида ғалаба қозонгач, унинг асосий мақсадларидан бири Донбасдаги можарони тугатиш эканини айтган эди. Бунинг учун сиёсатчи журналистлар ва блогерлар билан биргаликда ахборот урушини ташкил қилишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, унинг жамоаси зиддиятни Россия билан келишувга эришиш орқали бартараф этиш мумкин, бироқ бу вариантни Киев учун қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Россия ҳукумати Зеленский сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг, у билан Минск келишувлари ва 2014 йил апрель ойидан бери давом этаётган Донбасдаги можарони ҳал қилиш масалаларини муҳокама қилиш истагини билдирди.
Изоҳ (0)