Аввал хабар берилганидек, 29—30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида «Ислом Каримов — давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзусида республика илмий анжумани ўтказилди.
Конференциянинг очилиш маросимида Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, атоқли давлат ва жамоат арбобининг мустақил Ўзбекистон давлатчилигини ривожлантиришдаги хизматларини эътироф этди.
Конференциянинг ялпи ва шўъба йиғилишларида Ислом Каримовнинг фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришдаги ўрни, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги роли, тарихий ва меъморий меросни сақлаб қолишдаги хизматлари, қишлоқ хўжалик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Конференциянинг якуний мажлисида қабул қилинган тавсияларга кўра, анжуман кун тартибига киритилган энг яхши мақолалар Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси бюллетенида нашр этиб борилади.
Анжуманда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Изоҳ (0)