Хорижда таҳсил олишни ёки ишлашни ният қилган ёшлар учун IELTS (International English Language Testing System) энг муҳим қадам ҳисобланади. Шу сабабли кундан кунга Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини топширувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Хўш, IELTS’дан юқори балл олиш учун нима қилиш керак? IELTS сертификатларини сотиб олиш мумкинми? Топширувчиларнинг имтиҳонда энг кўп йўл қўяётган хатолари, фейк IELTS сертификатлар ҳақида 13 маротаба IELTS имтиҳони топшириб, 8.5 балл натижани қайд этган Бекзод Мираҳмедов «Дарё»га батафсил гапириб берди.

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

Бекзод Мираҳмедов ёши 31 да. Наманган вилояти Поп туманида туғилган. У Westminster университетида «Бизнес бошқаруви» йўналишида таҳсил олиб, кейинчалик Американинг Теннессее Теч Университетида магистратура босқичини тугатган.

Дастлаб фаолиятим ҳақида

Болалигимдан инглиз тилини ўрганишга қизиққанман. 2005 йилда «АCCЕЛС» дастурида ғолиб бўлиб, 1 йил давомида Америкада ўқиш имконини қўлга киритдим. Менимча, асосий пойдевор ўша ерда қўйилган бўлса керак. Келганимдан кейин ҳам ўз устимда тинимсиз ишладим. Кейинчалик, «Бизнес бошқаруви» йўналиши бўйича бакалаврни Westminster’да, магистратурани эса Америкада ўқидим. Лекин ўз соҳамдан кетмадим. Кўпчилик «Америкаларда ўқиб келган экансиз, нимага ўқитувчилик қилиб юрибсиз» деган савол беришади. Мен ўзим қизиққаним, болалар билан ишлаш, уларни ўқитиш ёққани учун шу соҳадаман. Ҳаётдаги шиорим инсон бойлик ёки обрў топиш учун эмас, аксинча, ўзи севган, кўнгли истаган касб билан шуғулланиб яшаши керак!

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

 2006 йилдан ҳозиргача 13 бор IELTS имтиҳонини топшириб, 8 марта 8.5 балл — C2 даражага эришганман. Бошида ўз даражамни билиш мақсадида топширган бўлсам, ҳозирда ўқитувчи сифатида билимимни мустаҳкамлаяпман. British Council билан ҳамкорликда ишлаб, имтиёзли топшириш имконига эга бўлганим, шунингдек, саволлар ўзгаряптими, болаларга ўқитишда нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигини билиш учун кўп бора имтиҳонга киряпман.

IELTS’ни мустақил ўрганиш мумкинми?

Тўғри, бугун интернетда IELTS’га оид YouTube’да каналлар, видеолар жуда кўп. Булар ёрдамида ҳар ким ўзи уйда мустақил ўрганиши мумкин, бироқ бу online дарсларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас-да. Кўрувчиларнинг сонини кўпайтириш учун масалан, мана буни қилсанг IELTS’дан 9 балл оласан, мазмунидаги ёлғон видеолар жойланади. Аслида бу «маслаҳат»лар ўша талабга жавоб бермайди. Ўқувчи эса буни фарқига бормаслиги мумкин. Бундан ташқари, кўпчиликда ўз устида ишлаш, назорат қилиш кўникмаси етишмайди. Қолаверса, иншо ёзиш (wритинг) қисмида ўқитувчига албатта эҳтиёж сезилади. Сабаби бу босқичда ўқитувчи унинг ёзганларини ўқиб, йўналиш бериб, хатоларини кўрсатиб туриши лозим.

Юқори балл олиш учун нима қилиш керак?

Биринчи навбатда одам ўзига юқори балл нима учун кераклигини билиши лозим. Кўпчилик олдимга келиб, «мен IELTS’дан 8- 8.5 балл олишим керак» дейди. Сабабини сўрасангиз «билмадим, олишим керак-да» деб жавоб беради. Аминманки, ўқувчи нимага IELTS топширишини билмаса, ҳеч қачон юқори балл ололмайди. Ёки олиши жуда қийин бўлади. Шунинг учун бошиданоқ, мақсадни аниқ қилиб, иштиёқ билан ҳаракат қилиши лозим.

IELTS’да 80/20 қоидаси бор. Яъни ўқитувчининг бунда ҳиссаси 20 фоиз. 80 фоизи ўқувчини ўзидан бўлиши керак. Масалан, бола курсга келиб, бу ерда ҳафтасига 3 кун 2 соатдан 6 соатгина ўқитувчи билан вақтини ўтказади холос. Мустақил ўз устида ишламаса, 5-6 соат сидқидилдан шуғулланмаса, меҳнатига яраша балл олиб чиқаверади.

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

Одам ўзига жавоб бериши керак, бошқаларга эмас

Ҳозирда 2-3 ой ичида IELTS’дан юқори балл олишни «кафолат»лайдиган турли хил реклама ва эълонларга дуч келиш мумкин. Кўп йиллардан буён шу соҳада ишлаб келаётган инсон сифатида айтишим мумкинки, буларни ҳамма- ҳаммаси ёлғон.

Менга ҳам келиб кўпинча, кафолат берасизми, деб сўрашади. Ҳар доим фақат ўз билимимга, имтиҳонда неччи балл ола олишимга кафолат бераман бошқаларга эмас дейман. Жавобимни эшитиб, кетиб қолганлар ҳам кўп бўлган. Чунки одам аввало, ўзига жавоб бериши керак, ўқувчига эмас. Сабаби сизга боғлиқ бўлмаган бир қанча омиллар бор. Масалан, психологик. Имтиҳонда бола баъзида ҳаяжонланиб, билган нарсасини ҳам чиқариб беролмаслиги, тўғри ишлай олмаслиги мумкин.

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

IELTS топширишдаги хатолар ҳақида

Биринчи навбатда айтишим керакки, ҳеч ким бошқаларнинг гапига ишониб қолмаслиги керак. Ҳаттоки, имтиҳонда сен мана шунча балл оласан, деб айтишга ўқитувчини ҳам ҳаққи йўқ. Тўғри, кўп устозлар болани руҳлантириш учун ҳам шундай дейишади. Аммо адашаётган бўлсачи? Кимдир, сен IELTS’дан 7—7.5 балл оласан, дейди, лекин бола кириб 6.5 балл олиб чиқяпти. Балки, ростдан ҳам бу унинг баҳосидир. Айтмоқчи бўлганим, нотўғри тасаввурга алданмаслиги лозим.

Иккинчи сабаб боланинг психологияси. Айримлар кўпчиликни орасида ёки Америкача талаффузда чиройли гапириб турган болаларни кўрганда, мен бунақа тайёргарлик кўрмадимку, деб тушкунликка тушиб қолиши мумкин. Бироқ ҳозирда талаффуз унчалик ҳам аҳамиятга эга эмас. Ҳеч қачон унутмаслик керакки, IELTS биз билган имтиҳон эмас. Яъни бировнинг билими нисбийлик билан баҳоланмайди. Ўрин чегараланмаган. Шунинг учун топширувчи ўзини бошқалар билан таққосламасдан иложи борича руҳни кўтарадиган қўшиқлар тинглаб, атрофдагиларга эътибор бермаслиги лозим.

Бундан ташқари, имтиҳонда ҳам ҳаяжонланиб, масалан тинглаш (листенинг) пайтида бирор жавобни эътибордан четда қолдиради. Ўша саволга сиқилиб, кетма-кет жавобларни ҳам ўтказиб юборади. Яна ўқишда (реадинг) вақтини тежаш керак. Масалан, 3 та топшириқ бўлса, ҳар  бир савол учун 20 дақиқа вақт сарфлаши лозим, лекин бола биринчи саволга кўп ўйланиб, қолган машқларга камроқ вақт қолдиради.  Кейин шундан ҳам асабийлашиб, кучи етган мисолини ҳам ишлай олмаслиги мумкин. Ўқувчи нафақат психологик тарафдан ўзига ишониши балки имтиҳонгача вақтни тўғри тақсимлашни ҳам ўрганган бўлиши керак.

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

Фейк IELTS сертификатлар ҳақида

Фейк IELTS сертификатлар охирги пайтда биз учун энг оғриқли мавзуга айланяпти. Айрим фирибгарлар фотошопда сертификатлар ясаб, истаган балларини қўйиб олишяпти. Тўғри, улар бундан ўқишга киришга фойдалана олмайди. Деворга осиб қўяди-да дарс ўтади. Унга ишониб, дарсида ўтириб болани вақти кетади. Ўқитувчи сифатида болаларга нотўғри хулосалар бераётгани мени ташвишга солади.

Бир куни дарсимга фейк сертификатли ўқитувчини қўлида тайёрланган ўқувчи қиз келди. Кўп вақт тайёрлангани учун билимим зўр деб ҳисоблар эди лекин мен унга асл баҳосини айтганимда, у шунча пайт мен нимани ўргандим деб тушкунликка тушиб қолди.  Очиқроқ айтадиган бўлсам, ўқитувчини IELTS’дан 4 баллик сертификати бўлган. Уни 8га айлантирган кейин шу билан дарс ўтиб юрган. Лекин ҳеч ким шубҳаланиб текширмагандан кейин охири ўзига 9 балли сертификат ясаб олган. Сиз буни қаердан билдингиз дейишингиз мумкин. Менда IELTS сертификатини ҳақиқий ёки сохталигини текшира олиш имкони бор. Шундан фойдаланиб, сертификатни коди орқали уни ҳақиқий ёки фейклигини аниқлайман.

Olx.uz сайтига кириб, IELTS ўқитувчилари деб қидирсангиз камида ярми шунақа фейк сертификатли одамлар чиқади. Энг ёмони, бундай қинғир ишга қарши Ўзбекистонда ҳеч қандай юридик ҳужжат йўқ. British Council билан ҳам гаплашганимда ҳам улар чора кўролмаймиз дейишган.

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

Энг қизиғи, 2006 йилда биринчи марта IELTS имтиҳонини топширганимда ўртача балл 5.5 фоиз эди. Ҳозирга келиб, 5.6 фоиз бўлди. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. 0.1 фоизга ошди холос. Қаёққа кетяпти шунча 8—8.5 балли сертификатлар? Демоқчиманки, кўпи ясалган. Ўзбекистон инглиз тили ўрганиш бўйича Қозоғистондан ҳам паст ўринларда туради. Сабаби шундай нотўғри билим берилаётганлиги, қуруқ ваъдаларга ёшлар «ҳа, буни қилсам IELTS’дан 7 балл оларканман» деб ўйлаётгани. Қисқа қилиб айтганда, фейк сертикатларни деб инглиз тили даражамиз тушиб боряпти. Ўзбекистонда буни чеклаш бўйича қонуний ҳужжат ишлаб чиқилса, IELTS топшираётганлар, уларнинг ота-оналари, умуман барчамиз учун энг мақбул иш бўлар эди.

IELTS’ни сотиб олиш мумкинми?

Кўпинча 2—3 минг долларга IELTS’ни сотиб олса бўларкан деган миш-мишларни эшитиб қоламиз. Билишимча, Facebook орқали араб ёки ҳиндлар биз British Council’да ишлаймиз, имтиҳонда ёрдам берамиз, деган таклифлар билан чиқишади. Балки шулар ҳар хил гапларга сабаб бўлаётгандир.

Шахсан фойдаланмаганим учун бу қанчалик рост, қанчалик ҳақиқий сертификат қилиб бера олади, билмайман. Менимча, ясаб берилган тақдирда ҳам буни ўша фейк сертификатлардан фарқи йўқ. Эртага Cambridge оффиcиал базадан текширилганда, бу сертификат чиқмаса керак.

Иккинчи тарафдан, майли пулга ўша сертификатни олди ҳам дейлик, лекин кейин нима бўлади? Аслида IELTS’ни олишдан мақсад бирор жойда ўқиш ёки ишлаш эмасми? Майли, ўша сертификат билан ниятига етди ҳам дейлик, кейин амалда исботлай олмаса нима бўлади? Ўз-ўзини, бировларни алдаш нимага керак?

Фото: Facebook/@Bekzod Мираҳмедов

Лекин анча олдин бундай ҳолат TOEFL (Test of  English as a Foreign Language) тести билан кузатилган. Америка  университетларининг бирида Хитойдан TOEFL’и юздан юқори кўп талабалар келиб, лекин ҳеч бири инглиз тилида гапиролмаган. Кейин университет TOEFL’га ариза ташлаган. Улар текширишганида ўша ердаги марказда шунақа қинғир иш бўлган. Берилган барча сертифкатлар бирданига бекор қилинган.

Айтмоқчи бўлганим, Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган иккита ташкилот бор. British Council ва ИДП (International development program) марказлар пул деб ўз обрўсига путур етказмайди.