21 апрель, якшанба куни футбол бўйича Испания чемпионатининг 33-турида «Реал» ҳужумчиси Карим Бензема «Атлетик Бильбао»га қарши ўйинда ҳет-трикка эришди (3:0).
Франциялик жорий мавсум «Реал» сафида барча мусобақаларни ҳисоблаганда 30 та гол уришга муваффақ бўлди. Педро Мартин Twitter’даги расмий саҳифасида хабар беришича, бу унинг Мадрид клуби сафидаги иккинчи энг яхши натижаси ҳисобланади.
Аввалроқ 2011/12 йилги мавсумда Бензема барча мусобақаларда 32 та гол урганди.
Таъкидлаш жоиз, франциялик сўнгги бешта учрашувда камида биттатадан гол урди. Бензема «Уэска» (3:2), «Валенсия» (1:2), «Эйбар» (2:1), «Леганес» (1:1) ва «Атлетик Бильбао»га қарши ўйинларда гол уришга муваффақ бўлди. Шу тариқа «Қироллик клуби»нинг сўнгги 8 та голига Бензема муаллифлик қилди.
MisterChip’нинг ёзишича, мадридликларнинг 117 йиллик тарихида ҳеч бир футболчи ушбу натижани қайд этмаганди.
Бундан ташқари футболчи жорий мавсум 11 та голини боши билан киритишга эришди.
Бу топ-5 чемпионатларда жорий мавсум бош гол уриш бўйича энг яхши натижа ҳисобланади.
Топ-5 чемпионатларда жорий мавсум бош билан энг кўп гол урган футболчилар:
- Карим Бензема («Реал») — 11 та
- Леонардо Паволетти («Кальяри») — 9 та
- Криштиану Роналду («Ювентус») — 7 та
- Роберт Левандовски («Бавария») — 7 та
- Кристиан Стуани («Жирона») — 7 та
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)