Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) томонидан яқинда АҚШнинг Техас штатида халқаро семинар-тренинг ташкил этилди. МАГАТЭ ва Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти таклифи билан ушбу нуфузли форумга «Ўзатом» агентлиги делегацияси ҳам ташриф буюрди. Бу ҳақда Халқ сўзи хабар беради.
Эътиборлиси шундаки, атом энергетикаси тармоғи юқори бўғин раҳбарияти вакиллари учун уюштирилган бу галги семинарда ушбу соҳада ҳали янги бўлган 20 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этди. Уларнинг орасида мамлакатдан ташқари Бразилия, Саудия Арабистони, Туркия, Иордания, Беларусь, Руминия, Польша, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Кения каби давлатлар жой олди.
Семинарда МАГАТЭ, Атом электр станцияларидан фойдаланувчи ташкилотлар халқаро ассоциацияси, АҚШ Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси, Westinghouse ва бошқа йирик компаниялар, тадқиқот марказлари ҳамда халқаро консултантлар маъруза қилди.
Тақдимот давомида дунё ядро ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш тенденциялари, атом хавфсизлиги маданияти, ядро билимларини бошқариш ва ушбу индустрияда ишчи кучларини шакллантириш, АЭС қурилиши бўйича лойиҳа бошқаруви жараёнлари каби жабҳага доир глобал масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, семинар давомида атом энергетикасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш жараёнида лойиҳага масъул раҳбарнинг роли ва масъулияти, фавқулодда ҳолатлар чоғида самарали ички мулоқотни таъминлаш, EPC, яъни «калити билан топшириш» шартлари асосидаги шартнома имзолашда тўғри нархлаш модели ва унинг тузилиши учун алоҳида ядро-энергетик дастур ишлаб чиқиш масалалари каби мавзулар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Жанубий Техас ҳудудида жойлашган атом электр станциясига ташриф буюрилди. Шу аснода меҳмонлар мазкур АЭСдаги ўқув-машғулотлар маркази ҳамда «Ахборот маркази» билан яқиндан таништирилди.
Хусусан, мамлакат делегацияси Техас университети қошидаги Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси вакиллари билан учрашди. Ўзаро мулоқот чоғида ўзбекистонлик мутахассисларни АҚШ таълим марказларида атом энергетикаси йўналишида таълим олиб, малака оширишларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, МАГАТЭ вакиллари билан бу каби ўқув-амалий семинарларни Тошкентда «Ўзатом» агентлиги ва атом соҳаси миллий регулятори вакиллари учун ташкил этиш борасида ҳам музокаралар олиб борди.
Семинар якунида олинган билим ва кўникмалар юзасида фикр алмашилди, мазкур форматдаги семинарларни янада самарали ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.
Маълумот учун, Техаснинг A&M университети АҚШдаги иккита тадқиқот реакторига эга ягона олий таълим маскани ҳисобланади. Талабалар сони бўйича ўз мамлакатидаги энг йирик университетлар орасида 65 минг нафарлик контингенти билан еттинчи ўринни эгаллайди. Мазкур ўқув юртида нефть ва газ, атом энергетикаси, океанология, космонавтика ҳамда ландшафцҳунослик каби йўналишлар бўйича таълим берилади.
Изоҳ (0)