7 апрель, якшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 3-турида ОКМК ўз майдонида «Қўқон-1912»ни қабул қилиб, йирик ҳисобда мағлубиятга учратганди (7:1).
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мазкур учрашувдаги хатти-ҳаракатлари учун қўқонликлар бош мураббийи Нўъмон Ҳасановга нисбатан интизом жазоси қўллади ва уни жаримага тортди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, беллашувнинг 74-дақиқасида «Қўқон-1912» устози ўз жамоаси дарвозаси томон белгиланган пенальтидан кейин техник зонани тарк этган ва учрашув бош ҳакамига кескин равишда эътироз билдирган.
Профессионал футбол лигаси вазиятни ўрганиб чиқиб, мураббийга нисбатан интизомий чора қўллади. Унга кўра бош мураббий Тартиб-интизом кодекси 5,6 ҳамда 5,18 моддаларига асосан битта учрашувга четлатилди ҳамда 10 миллион сўм жаримага тортилди.
Бундай вазият яна такрорланадиган бўлса, ташкилот клуб ва мураббийга нисбатан қаттиқроқ чора кўриши мумкинлиги ҳақида иккала томонни ҳам қаттиқ огоҳлантирди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)