Бугун, 9 апрель Ўзбекистон бўйлаб Соҳибқирон таваллудининг 683 йиллиги кенг нишонланмоқда. Пойтахтдаги Амир Темур ҳиёбонида ўтказилган тантанали тадбирда парламент аъзолари, дипломатик корпус, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мудофаа вазирлиги офицерлари ҳам тантанали тадбирда қатнашиб, буюк саркардага ҳурмат бажо келтирди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Ҳиёбонда ташкил этилган тадбирдан сўнг Темурийлар тарихи давлат музейида, сайёҳлар, ўқувчи ёшлар, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда пойтахт меҳмонлари учун музей эшиклари очиб қўйилган. Барчага Темурийлар тарихига оид қизиқарли фактлар, тарихий экспонатлар билан танишишлари учун имконият яратиб берилган. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилган. Оркестр санъаткорлари бу сафар Амир Темур давридаги аскарлар кийимларида чиқиб, ватанпарварлик куйларини ижро этган.
Бундан ташқари, Темурийлар тарихи давлат музейида тарихчилар, ёзувчи-шоирлар ҳамда санъат арбоблари иштирокида илмий анжуман бўлиб ўтган. Анжуманда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб бадиий, публисистик асарлар яратилаётгани, илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани ва буларнинг бари Соҳибқирон Амир Темур шахсияти ва уни улғайтирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этаётгани ҳақида маълумотлар берилган.
Изоҳ (0)