«Дарё» ўтган ҳафтада мамлакат ҳаётида содир бўлган муҳим воқеаларни шарҳлаб ўтади.
Ҳафта давомида давлат амалдорлари ва маданият арбоблари ўзи ўқиган мактабга китоб совға қилиш #bookchallenge акциясини давом эттирди. 1 апрель куни Самарқанд вилояти ҳокими ва шаҳар ҳокими, депутатлар мактабларига китоб туҳфа этди. Мудофаа вазири бир нечта мактаб-интернатга китоб улашди. Ёшларни мутолаага рағбатлантириш бу билан тўхтаб қолмади, албатта. 4 апрелдан «Ёш китобхон» танловининг 2019 йилги мавсумига аризалар қабули бошланди.
* * *
1 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов вазифасидан олинди. Собиқ ҳоким вилоят аҳли билан матбуот орқали хайрлашди. Хайрлашув матнида сурхондарёликларга миннатдорлик билдириб, яхши тилаклар изҳор этилган. Сўнгги вақтда лавозимидан озод этилаётган ҳокимлар аҳоли билан илиқ кайфиятда хайрлашуви таомилга кирмоқда.
* * *
Ҳафта ўртасида ёққан кучли ёмғир халқ хўжалигига катта зиён етказди, кўчалар ва аҳоли яшаш жойларини сув босди. Хусусан, Самарқанднинг Ургут туманида ёққан дўл машиналар ва уйларга зарар етказди. 5 апрель куни Самарқанднинг тоғли туманларида кучли сел келди. Ургут, Булунғур, Қўшработ, Иштихон туманларида сойлар тўлиб-тошиб оқди. Қашқадарёда ёққан шиддатли ёмғир ва дўл эса қишлоқ йўлларини вайрон қилди. Ёғингарчилик темир йўлни ишдан чиқарди, натижада юк поезди нобоп рельсда чўкиб қолди, 6 апрель куни темир излар тўлиқ тикланди.
* * *
Шавкат Мирзиёев ўтказган видеоселектор йиғилишида Тошкентдаги еттита туман солиқ инспекцияси раҳбари ишдан олинди. Бунинг сабаби улар бюджет тушумларини таъминлашда сусткашликка йўл қўйгани ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев ушбу вазифани ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди.
* * *
4 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари бўйича қўмита ташкил этган брифингда Ҳаж сафари харажатлари янада арзонлашиши маълум қилинди. Айтиш керакки, ҳар ойда етти минг нафар ўзбекистонлик Умра зиёратини адо қилмоқда.
* * *
Ўзбекистонда «Стоп-трафик» оператив-профилактик тадбири давомида беш кун ичида 258 нафар фоҳиша қўлга олинди. Тадбир Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорлик доирасида ўтказилган. Айтиш лозимки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фоҳишабозликка қарши биринчи марта рейд ўтказаётгани йўқ ва бу жамият муаммосига айланган. Тадбирдан бир кун аввал жамоавий мурожаатлар порталида фоҳишабозлик қилган эркаклар ҳам жазога тортилиши таклиф этилганди.
* * *
Юртимиз оналари учталик эгизаклар дунёга келтириш эстафетасини бир-бирларига муваффақияли узатмоқда. Ўтаётган ҳафтада Хоразмда ҳам Шавкатжон, Мирзиё ва Миромон дунёга келди. Туман ҳокими чақалоқларга коляска совға қилди. Қўқонлик Шавкат, Миромон ва Мирзиёнинг отаси эса совғага келган Cobalt’ни уриб олишга ҳам улгурди.
* * *
Ўзбекистон Россиянинг «Лукойл» компаниясидан 600 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани сабабли «Ўзтрансгаз» раҳбари ўринбосари Бахтиёр Анорқулов бўшатилгани айтилди. Ушбу қарз Ўзбекистон бир қисм газни ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келган, келишувда эса республикада қазиб олинган газнинг барчасини четга сотиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)