Жорий йилнинг 2 апрель куни Халқ таълими вазирлигининг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси томонидан «ish.uzedu.uz сайтига маълумотларни киритиш ва ундан фойдаланиш» мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
2018 йил 18 декабрдан бугунги кунга қадар тажриба-синов тарзида фуқароларнинг тизимдаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар билан танишишлари ҳамда мурожаат қилишлари учун ish.uzedu.uz сайти ишга туширилган эди. Унда дастлабки босқичда Халқ таълими вазирлигининг республика ташкилотлари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, унинг туман халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим мактабларидаги вакант иш ўринлари жой олганди.
Бугунги кунда ish.uzedu.uz сайти орқали белгиланган мақсад ва вазифаларга тўлиқ эришилганлиги сабабли ушбу сайтни республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш режалаштирилган. Бунда фуқаролар Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бўш иш ўринлари билан танишиб, мақбул иш жойларини танлагач, ўзлари ҳақидаги маълумотномаларни жойлаштириш имкониятига эга бўлади.
Семинарда вазирлик ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ходимлари ҳамда барча ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг кадрлар бўйича мутахассислари иштирок этган.
Семинарда вазирликнинг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Жумаев ўз сўзида жорий йилнинг 5 апрелидан ish.uzedu.uz сайти орқали республиканинг барча ҳудудлари бўйича Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мавжуд бўш иш ўринлари очиқ эълон қилиб борилишини таъкидлаган. Бу орқали бўш иш ўринларига номзодларнинг маълумотлар базаси яратилиб, энг яхши номзодларни танлаб олиш имконияти кенгаяди. Бинобарин, бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларнинг жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши номзодлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, иш берувчиларга энг муносиб мутахассисни танлаш имконини юзага келтиради.
Халқ таълими тизимида фаолият олиб боришни хоҳлаган тегишли мутахассисликка эга фуқаро ish.uzedu.uz сайти орқали бўш иш ўринлари билан танишиб, ўз маълумотномаларини тақдим қилиши мумкин.
Изоҳ (0)