Санкт-Петербургдаги Можайский номидаги Ҳарбий-космик академия биносида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Sputnik хабар бермоқда.
Минтақанинг фавқулодда хизмат вакилининг маълум қилишича, тўрт нафар курсант жароҳатланган.
«78» маҳаллий телеканал хабарига қараганда, портлаш оқибатида зинапоя ўртасидаги бўшлиқ қулаб тушган, 3-қаватда 15 киши қолиб кетган.
Дастлабки хабарларга кўра, мина ишга тушган. Ҳозирча портлашнинг аниқ сабаби маълум эмас.
Ҳодиса жойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари текширув ишлари олиб бормоқда. Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси ва Федерал хавфсизлик хизмати вакиллари етиб келди. Ҳозирда портлаш сабабини аниқлаш борасида иш олиб борилмоқда.
А.Ф. Можайский номидаги Ҳарбий-космик академия – Россиянинг йирик ҳарбий олийгоҳларидан бири. Академияда Ҳарбий-космик кучлари ва турли Ҳарбий кучлар ҳамда ижро этувчи ҳокимият федерал органлари офицерлари тайёрланади.
Изоҳ (0)