«Роснефть» компанияси Катерина Тихонова бошқарадиган «Миллий интеллектуал ривожланиш фонди»га 28 миллион рубль (салкам 432 минг доллар) ажратди. Бу ҳақда Россия давлат харидлари сайтига таяниб, Meduza хабар бермоқда.
Маблағ «табиий ва техник фанлар йўналишида патент тадқиқотлар ўтказиш» учун ажратилган. Бу тадқиқотлар айнан нималардан иборат бўлишига аниқлик киритилмаган.
«Миллий интеллектуал ривожланиш» фонди Россиядаги нотижорат ташкилотлар орасида энг салмоқли бюджетлардан бирига эга. Фонд унинг васийлари қаторида бўлган «Роснефть», «Транснефть» ва «Росатом» тендерларида мунтазам қатнашади ва ғолиб чиқади. Жумладан, «Роснефть» фондни деярли 1 миллиард рубллик буюртмалар билан таъминлаган.
ОАВ манбаларига кўра, фонд раҳбари Катерина Тихонова Россия президенти Владимир Путиннинг кичик қизи. Унинг ўзи бу маълумотларни тасдиқламаган, шу билан бирга, инкор ҳам этмаган.
Изоҳ (0)