Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Дархан Сатибалдини қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазир элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, уни юқори мансабга тайинлангани билан табриклади. Мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида унга муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон—Қозоғистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, биринчи президент Нурсултон Назарбоев пойдевор қўйган Қозоғистондаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга Ўзбекистонда ҳурмат билан қаралади.
Учрашувда турли даражадаги икки томонлама алоқалар жадвали ва кун тартиби, шунингдек, Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)