Шу йилнинг 28 март куни соат тахминан 13:00 ларда Самарқанд шаҳар Кўксарой маҳалласида қотиллик рўй берди. Бу ҳақда Zarnews хабар берди.
Бу жиноятни икки нафар фарзанднинг онаси, 1960 йилда туғилган, вақтинча ишсиз И.Попова содир этган. У таниши, 1949 йилда туғилган Н.Ерёминанинг хонадонида биргаликда тушлик қилиб ўтириб, ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик оқибатида унинг бошига темир чойнак билан уриб, сўнгра бўғиб ўлдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан И.Поповага нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
29 март куни ушбу жиноят Кўксарой маҳалласи аҳолиси ва шаҳар жамоатчилиги иштирокида муҳокама этилган.
Унда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, вилоят прокурори ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирок этган.
Вилояти ҳокими жиноят юзага келиши сабаб бўлган омилларга тўхталиб, бу аввало, маҳалла аҳолисининг бепарволиги, фуқаролар йиғини раиси ва ходимларининг, профилактика инспекторининг ўз вазифасига масъулият билан қарамагани оқибати эканлигини таъкидлаган.
«Жиноят содир бўлган хонадонни бориб кўриб, шунга амин бўлдикки, у ерда анчадан буён мана шундай мудҳиш оқибат рўй беришига олиб келувчи муҳит бўлган. Лекин бунга қарши на маҳалла, на профилактика инспектори ва на хотин-қизлар қўмитаси чора кўрган. Бу икки аёлнинг ичкиликка ружу қўйганлигини айтишяпти. Шундай бўлса, нега ҳудудга масъул оилавий поликлиника масъуллари ёки маҳалла шу пайтгача уларни рўйхатга олиш, соғломлаштириш чораларини кўрмаган? Мана, бепарволик, масъулиятсизликнинг оқибати», – деди Э.Турдимов.
Йиғилишда маҳалла раиси Ҳ.Ғаниев ўз вазифасига нолойиқ деб топилган, участка нозири фаолияти бўйича ички хизмат текшируви бошлангани маълум қилинган.
Изоҳ (0)