Бугун, 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи кутубхонасига китоблар жамланмасини совға қилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Агентлик раҳбар-ходимлари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда таълим маскани кутубхонаси 300 дан ортиқ китобга бойиган.
«Давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган бу ташаббус бевосита келажак авлод тақдири билан боғлиқ, – дейди Комил Алламжонов. — Инсон қанча кўп китоб ўқиса, маънавияти шунча юксалади, дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгаради. Агар китобларимиз сифатли, мазмунли чиқишини хоҳласак, бўлажак ноширларга кўпроқ китоб совға қилишимиз, уларни китобга дўст қилишимиз керак».
Шундан сўнг Комил Алламжонов Агентликнинг Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи билан танишган.
Айтиш керакки, ушбу коллеж Ўзбекистон Президентининг 2 февралдаги фармонига мувофиқ Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфига ўтказилган.
Ҳозир республикада 1700 дан зиёд матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Коллеж мазкур корхоналарга ўрта махсус маълумотли кадрларни тайёрлаб беради. Таълим масканида 800 дан ортиқ йигит-қиз «Матбаа ишлаб чиқариш техник-технологи», «Дастурий инжиниринг техниги», «Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси», «Ҳисобчи» каби 6 йўналиш бўйича таълим олмоқда.
«Ихтисосликлар ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш замон талаби, деб ҳисоблайман, – дейди Агентлик раҳбари. – Чунки бизга матбаа соҳасида инновацион технологияларни бошқарадиган замонавий мутахассислар керак».
Ўқувчиларга ҳар томонлама шароит яратиш мақсадида коллеж биноси, синфхоналар, мажлислар зали, ташқи спорт мажмуаси тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Коллеж ҳовлисида фойдаланилмай ётган омборхона бузилиб, ўрнида икки қаватли тренажёр зали қурилади. Натижада нафақат ўқувчилар, балки ён-атрофдаги маҳалла ёшлари ҳам шуғулланиши учун имкон яратилади.
Қайд этилганидек, матбаа соҳасидаги технологиялар йилдан йилга янгиланмоқда. Лекин коллежда мавжуд аксарият ўқув қўлланмалар маънан эскирган. Жавонларда ўтган аср техникалари ҳақидаги китоблар ҳам йўқ эмас. Шу боис таълим ресурсларини янгилаш, янги авлод дарсликларини яратиш устида иш бошлаш лозимлиги таъкидланган.
#kitobulash
Изоҳ (0)